Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қудага бриллиант тақинчоқ, меҳмонларга телевизор

Ёки мантиқсиз орзу-ҳавас оилаларни пароканда қиляпти

Сабаблар, оқибатлар, натижалар бир неча марта айтилаётган, кўрсатилаётган бўлса-да, аммо бу йўлдан қайтмаётганимиз ҳайрон қоларли даражада таассуфли. XXI асрда ҳам тўйларни ихчамлаштириш ҳақида бонг ураётганимиз, унинг оқибатларини тинмай такрорлаётганимиз “тузалмас дард”га йўлиққанимизни англатадими ёки...

Яқинда бир аёлнинг “тўй қилдик, нақ 30 минг долларимиз кетди. Карантин пайтлари яхши эди-я. Қани энди, яна шундай чекловлар бўлса тўйларга”, деб қолди. Қизиқ, ўзи хоҳлагандай ихчам тўй қилиш учун одамларга нима халақит беряпти? Бир оила элга тўй бериш учун қарз-қавола қилишига нима сабаб? Нега асосий ҳашамларнинг бошловчиси аёллар бўлиб қолмоқда?!

Вилоят ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо РАҲМОНОВА билан шу масалалар юзасидан суҳбатлашдик.

- Оила билан жуда кўп масалаларда, хусусан, дабдабали тўйларга рўжу қўйишимиз оқибатлари бўйича ўрганганларимиз, умумлаштирганларимиз, статистик маълумотлар мавжуд. Яъни, бу масалада айтмоқчи бўлган гапларим бир-иккита мисол таъсирида келиб чиқмаган.

Яхши биласиз, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда тўйлар билан боғлиқ турли ҳашам ёки ножўя ҳолатлар кўпинча Самарқандда ўтказилган тўйлардаги видеолар орқали тарқалмоқда. Дабдаба, ресторанлардаги 30 кишига етадиган ноз-неъмат 10 кишилик столга қўйилаётгани, қуда-андаларнинг олди-бердиси-ю ва бошқа "одат"ларни кўрган чет элликлар бу қайси миллиардернинг тўйи, деб ҳайрон қолаётир. Афсуски, ушбу ҳашамларнинг асосий “ижодкори” аёллар бўлиб чиқмоқда.

- Балки шунинг учун ҳам хорижга ишлаш учун кетаётганлар орасида аёллар кўпчиликни ташкил қилаётгандир. Орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш учун оилада эркак кишининг қурби етмаётгани учун ўзлари йўлга отланишган, шекилли.

- Афсуски, бу фикрингизда жон бор. Тўғри, четга оиласини боқиш учун, ноиложликдан кетаётган аёлларимиз ҳам кўп. Аммо аксарияти фарзандларимнинг тўйини ўтказишим керак, деган мақсадни кўзлаган. Яқинда шу масала бўйича Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Феруза билан видеоалоқа орқали расмий мулоқотимиз бўлиб ўтди. Элчи юртимиздан Исроилга ишлаш учун бораётганлар орасида самарқандликлар кўплигини таъкидлади. Кузатишларимизга кўра, уларнинг аксарияти тўй қиламан, дея шу юртга ишлаш учун бормоқда. Яхши биласиз, Исроилга ночор оилалар боролмайди. Айнан дабдаба, ҳашам учун боришади.

- Тўйларда фарзандларига қимматбаҳо мебеллару, кийим-кечакни қўя туринг, қудаларига бриллиант тақинчоқлар, тўйга келган 200-300 нафар меҳмонга ҳам қимматбаҳо совғалар улашиш каби мантиқсиз одатлар ҳам афсуски, хорижда ишлаб келинаётган маблағ эвазига бўляпти. Буни одатга айлантириб, бир-биридан ўздираётган хонадонлар кўпайиб бормоқда.

- Афсуски, шундай. Оилаларда бу одатларга тўхта, дейдиган одам топилмаяпти. Баҳона битта – ҳозир ҳамма шундай қиляпти, замон ўзгарди. Ваҳоланки, уни ким ўзгартиряпти, ўзимиз эмасми? Ўзимизнинг дабдабага ўчлигимиз эмасми?

Феруза Маҳмудова билан мулоқотимиз давомида шу фикрлар алоҳида таъкидланди.  Биласизми, “Болам энг зўр олий ўқув юртида ўқиши керак, шунинг учун ишлаяпман”, дейдиганлар жуда кам. Аксариятининг мақсади – дабдабали тўй қилиш ёки ҳашаматли уй қуриш.

Бу ҳам майли, лекин хорижга ишга кетгач, қанчадан-қанча муаммоларга дуч келиб, оиласи пароканда бўлаётганичи? Аслида элчи билан суҳбатимиз бош мавзуси шу эди, яъни бу ердан Исроилга кетаётган аёлларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларнинг ишга кетиш олдидан маълум бир тушунчаларга эга бўлишини таъминлаш лозимлиги ҳақида эди. Боргач, шунчалик кўп муаммолар юзага келаётирки, оилалар парокандаликка учрашига сабаб бўлмоқда. Элчининг айтишича, яқинда шундай аёлга ёрдам берилган. Самарқандлик аёл номаълум сабабларга кўра, ўша ерда руҳий хасталикка чалинади. Хонадон эгалари уни номуносиб тарзда руҳий касалликлар шифохонасига олиб боради, элчихона бу аёлни уйига қайтариш мақсади унинг оила аъзоларига қўнғироқ қилганида: “Шунча пул сарфлаб кетди, нима бўлсаям ишласин, энди”, деган жавобни олишади. Биз ҳашам учун аёлни чет элларда қандай бўлмасин пул топишига кўникдикми, бу қанчалик ожиз аҳволга тушиб қолганимизни англатмайдими?!

Аёл хориждан пул жўнатиб юраверса-ю, бу ерда турмуш ўртоғи бошқасига уйланиб олса, четда қийналиб ишлаб, оғир касалликка дучор бўлаётган, фарзандлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганлари қанча?

- Аёлнинг узоқ вақт четда бўлиши оиладаги муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

- Энг ёмони, фарзандлар тарбияси билан боғлиқ бўлмоқда. Афсуски, оиладаги жуда кўп муаммоларга миграция масалалари ҳам сабабчи. Тўғри, қийналиб, иш излаб бориб, маълум муддат ўтгач, у ерда ўзини тиклаб олган оилалар жуда кўп. Лекин пул кетидан қувиб, йиллар давомида хорижда қолиб кетиш оиланинг ўзанига путур етказаётир. Кўпинча оналар болаларини айни ўсмирлик пайти ташлаб кетаётгани, гарчи, аввалига уларнинг хатти-ҳаракатида билинмаса-да, аммо руҳиятига таъсир кўрсатмоқда. Бу эса кейинчалик уларнинг тарбиясини бўйнига олган қариндошларининг сўзига кирмаслик, истаганини қилиш, баъзида жиноят кўчасига киришига олиб келаётир. Ўз жонига қасд қилган, эрта туғруқ билан боғлиқ ҳолатларнинг аксариятида оналарнинг ўз фарзандлари ёнида эмаслиги сабаб бўлмоқда. Оиладаги бундай дарзни дунёнинг бойлиги билан ҳам тўлдириб бўлмайдику!? Булар ҳақида оммавий ахборот воситаларида айтиш, одамларни ҳушёрликк чорлайвериш керак, назаримда.

Ҳашам, дабдабали тўй фарзандингизнинг ёнингизда меҳр билан тарбия топишига тенг келмайди, азиз ота-оналар!

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.