Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қурт тушган олма фойдалими ёки дориланган мевами?

Биринчи воқеа

Бундан қарийб 40 йиллар илгари ҳовлимизда икки туп эртапишар олма бўларди. Улар ҳар йили шохлари эгилиб, яхши ҳосил берар, таъми ҳам жуда мазали эди. Раҳматли отам бу олмаларни меҳр билан парвариш қиларди.

Аммо кўпинча бир ҳолатдан ҳайрон қолардик. У киши қурт еб тагига тушган меваларни териб олар ва аввал ўзи ер, кейин бизларга ҳам берарди. Отамдан нимага айнан қурт тушган олмаларни ейишини сўраганимда: “Олманинг яхши пишгани, энг сараси ва мазалисини қурт ейди-да”, деб жавоб берарди.

Қуртлар, ҳашаротларга қарши дори сепишни таклиф қилсак, отам “Йўқ, дорининг бир томондан фойдаси бўлса, иккинчи томондан, албатта, зарари бўлади”, деб бу ишга унамасдилар.

Иккинчи воқеа

Энди ҳозирги кунларга қайтамиз. Икки ҳовли наридаги қўшнимиз - ёш ота-онанинг бир-бирига қариндошлиги йўқ, эр ичиш-чекишдан анча нари юради, аёлнинг ҳам саломатлиги жойида.

Аммо негадир оилада туғилган боланинг оёғида нуқсони бор, товонларини яхши боса олмайди. Болани текширган маҳаллий шифокорларнинг аксарияти бу ҳолатнинг сабабларини аниқ айтиб бера олмади. Бирови у дейди, бирови бу.

Муаммога Германиядан келган врач ойдинлик киритди. Унинг айтишича, ота ёки она бола ҳали дунёга келмасдан олдин дориланган мева истеъмол қилган ва бундай ҳолатлар ке­йинги йилларда тез-тез учраётган экан.

Учинчи воқеа

Туман шифохонасига ярим тунда тез ёрдам машинасида ўрта яшар эркакни олиб келишди. Шифокорнинг айтишича, бу одам тарвуздан заҳарланибди.

– Ҳар йили ёз, пишиқчилик мавсуми бошланиши билан бунақа ҳолатлар кўпаяди, - дейди қабул бўлими шифокори. – Айниқса, ҳали апрель ойидаёқ бозорларни эгаллаб олаётган тарвуздан эҳтиёт бўлган яхши. Чунки уларнинг аксарияти иссиқхоналарда турли кимёвий ўғитлар ёрдамида етиштирилади.  

“Фақат табиий озуқа билан иш битмайди-да...”

Ҳа, бугун истеъмол қилаётганимиз мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари, мол, парранда, балиқ гўштининг аксариятида турли кимёвий воситалар борлиги ҳақиқат.

Кейинги йилларда интенсив боғ яратиш, олманинг турли навларини четдан келтириб, уларни маҳаллийлаштиришга эътибор кучайди. Тўғри, бу олмаларни кўрсангиз кўзингиз қувнайди. Чиройли, мазали, бозорбоп, харидоргир, касалликка чидамли, рақобатбардош ва ҳоказо...

Аммо бу меваларга елим қувурчаларда сувга қўшиб томчилатиб берилаётган кимёвий ўғитларни ҳеч кўрганмисиз?

Яқинда шундай интенсив боғлардан бирида бўлдим. Сувга қўшиб берилаётган кимё­вий дорилар омборини кўздан кечирдим. Бу ерда 20 га яқин шундай восита мавжуд экан. Эшикдан киришим биланоқ димоғимга урилган қўланса ҳиддан кўнглим айниди.

Яна бир мисол. Йирик паррандачилик хўжаликларидан бирида товуқлар учун тайёрланаётган озуқага қанақадир дори қўшилаётганига ҳам гувоҳ бўлдим.

– Бу нарса товуқларни қисқа муддатда роса семиртиради, - дейди саволомуз қарашимга жавобан товуқбоқар. - Бўлмаса, фақат табиий озуқа билан иш битмайди-да, ака. Банкдан кредит олганмиз. Қолаверса, буёғи тирикчилик.

Инсон камида 120 йил яшаши мумкин, агарда...

Азалдан одам умрини узайтириш инсоният эътиборини ўзига жалб қилаётган муҳим муаммолардан бўлиб қоляпти. Қадимги форс донишмандлари бу муаммони ҳал қилишга уриниб кўришган. Лекин бефойда бўлган. Ўрта асрларда ҳам бу муаммони ҳал қилишга уринишлар самара бермади. ХХI асрда ҳам инсон умрини узайтириш масаласининг ечимини топишга ҳаракат қилиняпти.

- Дарахтзорларга сепиладиган тонналаб заҳарли моддалар ҳавога тарқалишидан ташқари, уларнинг маълум миқдори сабзавот ва меваларга ўтади, ҳашаротларни ўлдиради, - дейди 85 ёшида ҳам йигитлардек навқирон европалик Пол Брегг. - Инсон ўз соғлигини ҳимоя қилиш учун ўта эҳтиёт бўлиши керак. Заҳарланган мева ва сабзавот истеъмол қилинганида бош оғриғи ва қайт қилиш аломатлари пайдо бўлади, кимёвий моддалар мева ва сабзавот қайнатилганда ҳам кетмайди. Лекин ҳар бир инсон маълум гигиеник ва парҳез қоидаларга риоя қилган ҳолда ўз умрини узайтириши мумкин. У ўз танаси ҳақида қайғурсин.

Ишонаманки, ҳар бир инсон камида 120 йил яшаши мумкин, буни фан ҳам тасдиқламоқда.

“Оиламизда касалланиш ҳолати йўқ...”

Шу ўринда Қўшработ туманидаги тоғлар этагида жойлашган Ҳайтанбулоқ қишлоғида яшовчи Иноят Аркаевнинг бу борада билдирган фикрларини келтирмоқчимиз: “Ҳозирги пайтда кимёвий воситалар аралашмаган мева, сабзавот, полиз, гўшт маҳсулотлари деярли қолмади ҳисоб. Шунинг учун мен ҳовлимдаги томорқамда бу маҳсулотларни ўз қўлим билан, табиий равишда етиштириб, оила аъзоларим билан истеъмол қиламиз. Балки шунинг учунми, улар орасида касалланиш ҳолати йўқ”.

Тўғри, Иноят акада бор имконият бошқаларда бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам ўз соғлигимизга бефарқ бўлмаслигимиз керак, назаримда.

Биз мазкур мулоҳазалар орқали кимларнидир қилаётган ишларини қоралашдан мутлақо йироқмиз. Аммо ҳар тўкисда бир айб бўлганидек, ҳозирда кўзларимизни қамаштираётган танганинг орқа томонига ҳам бир қур назар солдик, холос.

Ёрмамат Рустамов.