Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қурувчи шартнома шартларини бузди — уйни ўз вақтида топширмади

2021 йилда Самарқанд шаҳрида янги қурилиши бошланган уйлардан бошланғич 30 фоиз бадалини тўлаб, икки йил муддатга муддатли тўлов асосида хонадон сотиб олган эдим. Аммо уй, мана, икки йилдан ошди ҳамки ҳалиям қуриб битказилгани йўқ. Шартнома шартларига кўра, шу йил июль ойида топширилиши керак эди. Энди шартномани бузиб, пулимни қайтариб олмоқчиман. Бунинг учун қандай йўл тутсам бўлади?

Э.Тоштурдиев,

Паст Дарғом тумани.

Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Ушбу кодекснинг 244-моддасига асосан агар қонунчилик ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажаришни кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмайди.

Мазкур кодекснинг 382-моддасига асосан агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

- иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

- ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

Бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёхуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.

Шулардан келиб чиқиб, сиз мазкур ҳолатда кўрган зарарни (пулингизни) ундириш мақсадида фуқаролик судига даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.