Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Раддия билдиришдан олдин эътиборли бўлиш ҳамда вазиятга аниқлик киритиш лозим

2019 йилнинг 24 октябрь куни Zarnews.uz сайтида «Самарқанд туманидаги электр таъминоти корхонаси мансабдор шахсларининг фирибгарлиги фош қилинди» (22 октябрда) мақоласига «Самарқанд ҳудудий электр таъминоти корхонаси» акциядорлик жамияти бош директори У.Жўраевнинг «МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси ноҳақ(ми)?» сарлавҳали раддияси кўриб чиқилди.

Раддияда «Ушбу ахборот мутлақо нотўғри. Чунки Самарқанд тумани «Дўстлик» электр таъминоти корхонасининг собиқ ходими Рифат исмли шахс 2018 йил 22 февралда ишдан бўшатилганлиги сабабли бугунги кунда ушбу корхонада ишламайди. Бундан ташқари, ахборотда кўрсатилган воқеа 2015 йил февраль ойида юз берган ва ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмаган» деб кўрсатилган.

Вилоят миқёсидаги ташкилот раҳбарига ушбу «раддия»ни имзога тақдим қилган қўл остидаги масъул ходимлар мавжуд ҳолатга тўлиқ аниқлик киритмасдан, эътиборсизликка йўл қўйган, деб ҳисоблаймиз.

Ҳақиқатда, Самарқанд тумани, «Қуйи Туркман» маҳалласида яшовчи фуқаро М.Турсунова ҳамда «Doniyor Plast Polimer» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Д.Бахроновларнинг аризалари асосида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд тумани бўлими томонидан 2019 йил 16 октябрь куни «Дўстлик» электр таъминоти корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Самарқанд тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мақолада кўрсатиб ўтилган Рифат исмли шахс 2012 йилдан 2018 йил февраль ойига қадар «Дўстлик» электр таъминоти корхонасининг назоратчи-электромонтёри вазифасида ишлаб келган ва муқаддам ҳам ўз вазифаси билан боғлиқ ҳолда содир этган мансаб сохтакорлиги ва ўзганинг мулкини талон-торож қилганлиги учун жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман суди томонидан икки маротаба судланган. Суд ҳукмига кўра, мансабдлорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш таъқиқланганлиги сабабли у эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, «Самарқанд ҳудудий электр таъминоти корхонаси» акциядорлик жамияти тизимидаги «Жанубий-ғарбий магистраль электр тармоқлари» корхонасига қоровул вазифасига ўтказилиб қўйилган.

Аниқланишича, ушбу шахс 2015 йилнинг апрель ойида Самарқанд тумани Қуйи Туркман маҳалласида яшовчи фуқаро М.Турсунованинг уйига бориб, унинг ишончига кирган ва хонадонидаги электр ҳисоблагичи куйиб қолганлигини рўкач қилган. Ҳисоблагични янгисига алмаштиришни ҳамда ўрнатиб беришни ваъда қилиб, ундан 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган. Жиноий жавобгарликка тортилиб, лавозимидан озод қилинганидан сўнг ҳам у ўзининг фирибгарлик ҳаракатларини давом эттирган. Яъни, 2018 йилнинг июнь ойида унинг «Дўстлик» электр таъминоти корхонасидан ишдан кетганлигидан хабари бўлмаган фуқаро М.Турсунованинг уйига такроран бориб, ундан яна 400 минг сўм пул маблағлари беришини талаб қилган ва 50 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни алдаш йўли билан эгаллаган ҳамда ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Мақолада кўрсатилган ҳолатдан ташқари, бошқа ҳолат ҳам жиноят иши қўзғатилганлигига асос бўлганлиги акс эттирилган. Бироқ раддияда иккинчи ҳолат бўйича бирор изоҳ берилмаган.

Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари  давом этмоқда. Ушбу жинояларга «Дўстлик» электр таъминоти корхонасининг бошқа мансабдор ва масъул шахсларининг алоқадорлиги ҳамда бошқа ҳолатлар текширилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.