Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рамазон ҳайити байрамидаги дам олиш кунларида Самарқандга келганлар кўп бўлди

Бунга яна бир сабаб юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларни Самарқандга кўпроқ жалб қилиш, уларнинг яхши ҳордиқ чиқаришлари учун зарур имконият яратилгани бўлди.

Хоразм вилояти, Урганч шаҳридан Гулистон Эгамова:
- Фарзандларим саёҳат қилишни жуда яхши кўради. Беш кунлик дам олиш куни эълон қилиниши билан йўлга отландик ва бугун тонгда Урганч шаҳридан Самарқандга келдик. Амир Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мажмуасини зиёрат қилиб, мана, ҳозир Шоҳи Зинда зиёратгоҳидамиз.

Самарқанддаги муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга киришда 20 фоиз имтиёз берилган экан, бу имкониятдан фойдаланяпмиз. Фарзандларим Шоҳи Зиндада бир зинапоя бор, уни уч-тўрт бор санасангиз ҳар хил чиқади, деб эшитганини айтиб, “Ойи, борайлик Самарқандга”, дейишарди. Мана, улуғ кунларда Самарқанддамиз. Ўғил-қизларим завқ билан зинапояни санашмоқда, ўзим эса тарихда кўп ўқиган жойларни кўзим билан кўриб турганимдан ҳаяжондаман.

Фарғона вилояти, Данғара туманидан Достонжон Мирзатиллаев:
- Амаким, келинойим, қариндошларим билан Самарқандга кеча келгандик. Дарҳол “Регистон” меҳмонхонасига жойлашдик, чегирма бор экан, анча арзон нархда хона олиб, кечга “Фавворалар сайли”га чиқдик.

Бугун тонгдан қадамжоларни айландик, Регистон майдони, Амир Темур мақбарасида бўлиб, бу ерга олдинроқ келмаганимизга афсусландик. Айниқса, Биринчи Президентимиз мангу қўним топган Хўжа Хизр мажмуаси, бу ерда яратилган шароит, айниқса сокинлик бир умр ёдимизда қоладиган бўлди.

Сурхондарё вилояти, Музработ туманидан Абдумурод Чориев:
- Кўпдан буён оиламиз билан Самарқандни зиёрат қилиш ниятида эдик. Мен-ку, пенсионер, вақтим кўп. Аммо ўғлим Ёқубжон тумандаги давлат хизматлари марказида ишлайди. Бир жойга чиқишга вақти бўлмайди. Шу боис бўш вақт тополмай, келолмаётгандик.

Ҳайит муносабати билан 5 кунлик дам олиш куни эълон қилинганини эшитиб, мен ҳам, ўғлим ҳам хурсанд бўлдик. Машинамизда кеча йўлга тушдик, уй-меҳмонхонага жойлашиб, тонг саҳар масжидга бордим: ҳайит намозини Самарқандда адо этдим. Мана, тушгача Самарқанднинг кўплаб табаррук жойларини зиёрат ва томоша қилдик. Энди Тахти Қорача довони орқали Шаҳрисабзга жўнаймиз.