Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Равонакликларга суюлтирилган газ баллонлари етказилмоқда

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали “Самарқандтумангаз” бўлими Zarnews.uz сайтининг жорий йилнинг 22 июлида эълон қилинган туманнинг Равонак маҳалласида яшовчи фуқароларнинг суюлтирилган газ таъминоти муаммолари бўйича қилган мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади: мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши туфайли эълон қилинган карантин боис, аҳолидан йиғиб олинадиган ва тарқатиладиган газ баллонларининг дезинфекция қилиниши ва бошқа бир қатор омиллар эвазига Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларига суюлтирилган газ баллонларини тасдиқланган режа-графиги асосида етказишда бироз кечикишлар бўлмоқда.

Аммо бу муаммолар мутасаддилар томонидан тезда бартараф этишга эришиляпти. Равонак маҳалласида 1033 та суюлтирилган газ истеъмолчилари бор. Жорий йилнинг 27, 28, 30 июль ҳамда мамлакатимизда Қурбон ҳайити байрами муносабати билан дам олиш кунлари бўлишига қарамасдан 1 август куни маҳалладаги 921 хонадонга жами 18 420 килограмм суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда етказиб берилди.

Маҳалладаги қолган истеъмолчилар бугун, 2 август куни суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар билан тўлиқ таъминланади.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.