Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Реклама - фойда манбаи, аммо унинг матнини тайёрлашда имло қоидаларига амал қилиниши керак

Бозор иқтисодиётида катта ҳажмлардаги товарлар бўладими ёки доналаб сотиладиган маҳсулотларми, ғояларми, барчасини тез ва осон сотишда рекламанинг ўрни бениҳоя катта. ХХI аср ахборот технологиялари даврида бу иш янги босқичга кўтарилди.

Реклама ҳақида Роберт Киёсаки жуда кўп гапирган ва рекламанинг аҳамиятини ўзининг китобларида акс эттирган. У ўзи иқтисодиёт йўналишида таҳсил олиб, шу соҳада ўқишини якунлаган. “Агар менда қайта имконият бўлганида, маркетинг соҳаси бўйича таълим йўналишида таҳсил олган бўлардим…” - дейди Киёсаки.

Агарда сиз олимнинг китобларини диққат билан ўқиб чиқсангиз, у қизиқтирадиган ва билинмайдиган реклама усулидан фойдаланганининг гувоҳи бўласиз. Масалан, “Ёлланма ишчининг тадбиркорга айланиши” китобида ажойиб мавзуларда гап юритади ва ўз фикрини якунламасдан унинг давомини бошқа бир китобга йўналтиради. Бу китоблар эса “Time Warner” нашриётида чоп этилган китоблардир.

Бугунги кунда реклама берувчи ўз реклама материалини тасдиқлатиш учун бир қанча идораларга мурожаат қилиши керак эмас. Барча маҳаллий ҳокимликда давлат хизматлар марказига буюртманома топшириб, натижасини олиш учун шу ернинг ўзига мурожаат қилишингизнинг ўзи кифоя.

Реклама материали тасдиқланмаган тақдирда сайт орқали рад этиш сабаби ҳақида ҳам билиб олиш мумкин. Порталдаги махсус бўлимда Ўзбекистондаги реклама фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар билан танишиш мумкин. Бу ерда буюртманомалар намуналари ва тўғри расмийлаштирилган реклама материаллари ҳам жойлаштирилган. Сайт тадбиркорларга тасдиқлаш учун тақдим этиладиган материалларни олдиндан текшириш имконини беради. Буни ДУК ходимлари он-лайн режимида бепул амалга оширади. Бунинг учун фойдаланувчи тегишли бўлимга кириши, анкета тўлдириши ва унга pdf форматидаги файлларни илова қилиши зарур. Юборилган эскизлар 1 иш куни давомида кўриб чиқилиб, мурожаат қилувчига улар юзасидан хулоса ва тавсиялар (зарур бўлган ҳолларда) электрон шаклда тақдим этилади.

Вилоятимизда реклама матнидаги грамматик қоидаларни бузиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Мисол тариқасида, “Самсага мархамат” деб номланган реклама баннерида иккита ҳарф нотўғри ёзилган. Нуробод тумани марказида “Ош маркази” деган реклама ёзуви мавжуд. Ошда ҳам марказ бўладими? Унда “Лағмон маркази”, “Шўрва маркази”, “Қовурма маркази” деб кетавериш керак экан-да. Шунингдек, айрим реклама матнларида ў, қ, ғ, ҳ ҳарфлари ўрнига у, к, г, х ҳавфлари ёзилганига гувоҳ бўламиз. Масалан, “Музкаймок бор”, “Дукон очик”, “Ошга мархамат”, “Пластикка савдо киламиз”. Бунга ўхшаш ҳолатлар барча шаҳар ва туманларда кўплаб учрайди.

Кириллча ҳарфлар билан ёзилган баннерларда хатоликлар кўп. Негаки сўнгги чорак аср мобайнида лотин алифбосида ўқиган авлод кириллча ёзувларда оқсаб қоляпти. Шу сабабли реклама матнини ёзишда ва реклама баннерларини чоп қилишда албатта, имло ва грамматик қоидаларга риоя этиш мақсадга мувофиқ.

Бундай статистика баннерлар, плакатлар, видеороликлар ва югурувчи сатрлар эскизларини ишлаб чиқаётган дизайнерлар биринчи навбатда лойиҳанинг ижодий жиҳатига, саводхонлик қоидаларига эътибор қаратишлари лозим. Яна бир жиҳати, тайёр лойиҳаларни рўйхатдан ўтказишга тақдим этиш олдидан ҳеч ким уларнинг ёзилишини текшириб кўрмайди. Бу эса матндаги камчиликларни юзага чиқаради.

Умуман олганда, реклама истеъмолчилар ва маҳсулот яратувчилар ўртасидаги кўприкдир. Кўприк қанчалик мустаҳкам ва ишончли бўлса, истеъмолчиларнинг кўлами ҳам кенгайиб боради.

Валиқул Бердиқулов, СамИСИ маркетинг кафедраси мудири,
иқтисод фанлари номзоди, доцент.
Санжар Бойжигитов, кафедра ассистенти.