Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Республикамизнинг қатор ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ахборот хизмати маълум қилишича, қалин қор ёғиши ва ҳароратнинг кескин тушиб кетиши натижасида, электр энергиясига бўлган талаб cезиларли даражада ортган.

Магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилиб, электр энергияси ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам мос равишда тушиб кетишига сабаб бўлмоқда, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 4 декабрь куни республика бўйича электр энергияси истеъмоли 219 млн кВт.соатни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 22 млн кВт.соат ёки 11% га кўпдир. Шунингдек, декабрь ойининг дастлабки 4 кунида республика бўйича истеъмол ҳажми 875 млн.кВт.соатни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 93 млн.кВт.соат ёки 12% га кўплигини айтиш лозим.

Юқоридагиларни инобатга олиб, хусусан, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва электр энергия ишлаб чиқариш объектлари, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида йирик авариялар вужудга келишини олдини олиш мақсадида Республикамизнинг турли ҳудудларида электр таъминотида чекловлар киритилмоқда.

Ўз навбатида, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг барча таркибий корхоналари ишчи-ходимлари томонидан жойларда содир бўлаётган аварияли ҳолатларни бартараф этишга қаратилган зарур чоралар тезкорлик билан кўрилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунинг учун республика бўйича жами 1434 нафар ходимдан иборат 478 та тезкор авариявий чиқиш бригада ҳамда уларга 398 та махсус авариявий чиқиш машинаси ва техникалар сафарбар қилинган.

Электр энергия таъминоти билан боғлиқ ҳар қандай муаммоли вазиятда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг туну кун фаолияти йўлга қўйилган 1154 қисқа рақамли Call-markaziga қўнғироқ қилишлари ёки "Hududiy elektr tarmoqlari" AJ bilan muloqot каналининг администраторига @HET_admin ўз мурожаатларини йўллашлари мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз, дейилади "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ хабарида.