Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россия Федерацияси Давлат думаси конституцияга ўзгартириш киритилиши тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Бугун 11 март куни, Россия Федерацияси Давлат думаси конституцияга ўзгартириш киритилиши тўғрисидаги қонунни маъқуллади, дея хабар берди РИА Новости.

383 нафар депутат қонун лойиҳасини маъқуллаган, қонун лойиҳасига қарши бўлганлар қайд этилмади ва 43 нафар депутат бетарафликни маъқул кўрди.

Ҳужжат қуйи палатага 20 январь куни тақдим этилди. Унда баён этилган таклифлар конституцион тизим асосларини, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлашга йўналтирилган. Шунингдек, қонун лойиҳасига янги умумроссия овоз бериш амалиёти киритилган.

Қонун лойиҳасини Думадан кейин Федерал кенгаш (Россия парламентининг юқори палатаси), ундан кейин Қонунчилик кенгашининг учдан икки қисми маъқуллаши лозим. Кейин давлат раҳбари имзо қўяди ва ўзгаришларни нашр этади.

Дастлаб, учинчи модда кучга киради. У президентдан ўзгаришларни Конституцион судга юборишни талаб қилади. Конституцион суд етти кун ичида, янги қонунда конституцияга амал қилинган ёки қилинмаганини аниқлайди. Агар лойиҳа конституцияга зид деб топилса, лойиҳа тўхтатилади.

Агар киритилган ўзгаришлар конституцияга зид бўлмаса, иккинчи модда кучга киради. Унга кўра, президент асосий қонунга киритилган ўзгаришлар матни бўйича умумроссия овоз бериш амалиётини ташкиллаштиради.

Давлат раҳбари ўз фармонида сайловга қўйилган масалага ойдинлик киритади ва сайлов ўтказилиш санасини белгилайди (фармон чиққанидан сўнг камида 30 кундан кейин). Сайлов куни иш куни бўлмаган санага белгиланади. 18 ёшдан юқори бўлган, ҳибсда бўлмаган ва ақли заиф бўлмаган ҳар бир россиялик сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Ташкилий ишлар билан Марказий сайлов комиссияси (МСК) шуғулланади ва ишларни давлат палаталари назорат қилади.

МСК беш кун ичида овозларни ҳисоблаб чиқиб эълон қилади. Агар сайловга келганларнинг ярмидан кўпи лойиҳани маъқуллаган бўлса, янгиланган конституция натижалар эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.