Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россияда маошини ололмаётган ўзбекистонлик мигрантлар бўйича қўшимча маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясига ишга борган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг уларга ваъда қилинган ойлик маошлари берилмаётгани ҳақидаги мурожаати юзасидан Миграция агентлиги маълумот берди.

Унга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Федерациясининг “Южный” агрокомбинати ўртасида қишлоқ хўжалигида ишлаш учун 400 нафар фуқарони танлов асосида ушбу корхонага жалб қилиш бўйича келишувга эришилган. Келишувда 33 минг рублдан 50 минг рублгача ойлик маоши кўзда тутилган бўлиб, фуқароларнинг йўлкира, ҳужжатларни расмийлаштириш харажатлари кейинчалик уларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан корхона ҳисобидан тўлаб берилиши, агар бир йил давомида ишласа, корхона томонидан қопланиши белгиланган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Андижон вилояти филиали томонидан ушбу корхонанинг ишончли вакили иштирокида 2021 йилнинг 16 июнь куни ўтказилган танловда танлаб олинган фуқароларнинг 63 нафари 23 июнь, 22 нафари 29 июнь, 16 нафари 4 июль, 42 нафари 5 июль кунлари Черкесск шаҳридаги “Южный” агрокомбинатида ишлаш учун жўнаб кетган.

Корхонага етиб борган юртдошларимизнинг яшаш ва меҳнат шароитлари ҳамда паспортларининг иш берувчи томонидан олиб қўйилгани юзасидан қилган мурожаатига асосан вазиятни ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 14-16 июль кунлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ишчи гуруҳининг ушбу корхонага хизмат сафари ташкил этилди.

Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар ва иш берувчилар билан олиб борилган музокаралар натижасида фуқароларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича келишув далолатномаси расмийлаштирилди.

Шунингдек, маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаат ушбу корхонада ишловчи юртдошларимиз ўртасида бўлиб ўтган ўзаро суҳбат жараёнида бир соатга тўланадиган иш ҳақини бир кунга берилади, деб нотўғри тушуниш оқибатида жорий йилнинг 15 июль куни, яъни ушбу фуқаролар иш бошлаган биринчи куни ёзиб олинган.