Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Саида Мирзиёева Самарқандда ўтказиладиган илк халқаро хайрия марафони ғоясини қўллаб-қувватлади

Бугун, 30 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Samarkand Half Marathon” – илк халқаро хайрия марафонига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ойбек Қосимов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари Саида Мирзиёева, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

“Самарқанд ярим марафони жамиятда фаол яшаш тарзи ғоясини илгари суради ва маданиятнинг барчага, жумладан, ногиронлиги бор инсонлар учун очиқлигини таъминлаш бўйича хайрли ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Инклюзив муҳитни яратишга доир хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этиш катта вазифадир. Бундай тадбирлар, дастурлар кўп бўлиши керак”, деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, “Samarkand Half Marathon” 1-3 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Лойиҳанинг асосий мақсади маданият ва санъат объектларининг ҳаммабоплиги ва инклюзивлиги муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришга қаратилган.

Инклюзия – бу бутун жаҳонда илгари сурилаётган ижтимоий концепция. Унга кўра, саломатлигидан қатъи назар, жамиятдаги ҳар бир одамга моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлиш ва ўзини намоён этишга имкон бериш демакдир.