Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Самарқанд амалиёти”: Маҳалла ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси муҳокама қилинди

Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласининг жамоатчилик кенгаши аъзолари жорий йил 29 март куни маҳалла ҳудудидан ўтувчи Афросиёб кўчасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси муҳокама этилди.

– Мазкур нохуш ҳолатга сабабчи бўлган ҳайдовчи Э.Нарзиев кўчани кесиб ўтаётган 11 яшар И.Асроровни “Спарк” русумли автомашинаси билан уриб юборган, – дейди Боғимайдон маҳалла фуқаролар йиғини раиси, жамоатчилик кенгаши раҳбари Тошпўлат Раҳматуллаев. – Тан жароҳати олган мактаб ўқувчиси шифохонага ётқизилган ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳайдовчи боланинг саломатлигидан доимий хабардор бўлиб турган, бу оилага етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Лекин томонларнинг таклифи билан ишни ҳуқуқ-тартибот органларига юбормасдан маҳалланинг ўзида, жамоатчилик кенгашида муҳокамага қўйдик.

Муҳокама жараёнида Э.Нарзиев эҳтиётсизлик оқибатида қилган қилмишидан пушаймонлиги ва И.Асроров ҳамда унинг оиласига етказилган зарарни қоплаганлигини маълум қилиб, кечирим сўради. Вояга етмаган И.Асроровнинг бобоси А.Ҳалимов эса автоаварияни бахтсиз ҳодиса сифатида баҳолаб, набирасини бахтсиз ҳодиса жойидан Э.Нарзиевнинг ўзи шифохонага олиб борганлигини ва аҳволидан мунтазам хабардор бўлиб турганлигини айтиб, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўлигини маълум қилди.

Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам автоҳалокат кўп ҳолатларда эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлиши, Э.Нарзиев ушбу ҳолатни қасддан содир қилмаганлиги ва у қилмишидан пушаймонлигини ҳамда И.Асроровга етказилган зарарни қоплаганлиги сабабли уни кечириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Шу тариқа жамоатчилик кенгаши томонларнинг бир-бирларига нисбатан эътирозлари йўқлиги ва ўзаро ярашганликларини инобатга олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклиф киритишга қарор қилди.