Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университетида хорижий талабалар учун тураржой биноси фойдаланишга топширилди

Самарқанд давлат университетида хорижий талабалар учун 200 ўринли янги талабалар тураржойи қуриб, фойдаланишга топширилди. 

Лойиҳа қиймати 12 миллиард 867 миллион 749 минг сўм бўлган ушбу ётоқхона қурилиш ишлари “Мега темир бетон” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди.

– Ушбу бино Президентимиз таклиф ва тавсиялари асосида бунёд этилди, – дейди университет проректори Исмоил Раҳмонов. – Ётоқхонада талабалар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, алоҳида ювиниш хоналари, ҳар қаватда 2 тадан ошхона, маънавият, дам олиш ва дарсхоналар талабалар ихтиёрида.

Шунингдек, университетимизга қарашли барча ётоқхоналарда ёшларнинг маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг ижроси бўйича хоналар ажратилган бўлиб, улар зарур воситалар билан таъминланган. Хусусан, бугунги кунда барча ётоқхоналардаги ошхонада замонавий электр печлари, кир ювиш хоналарида сўнгги русумдаги кир ювиш машиналари, ювиниш хоналарида алоҳида иссиқ сув берувчи ускуналар билан таъминланган.

Бахтиёр Мустанов.