Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд эшкак эшиш канали йўқолмайди, аксинча унинг салоҳияти ошади

Президент Ш.Мирзиёев Самарқандга кейинги келиши чоғида Чўпонота массивида олиб борилаётган қурилиш ва ободончилик лойиҳалари билан танишиб, бу мавзе хорижликлар ва маҳаллий аҳоли учун ҳам чинакам кўнгилочар ва чиниқиш маскани бўлишини таъкидлади.

Хусусан, Самарқанд эшкак эшиш каналини таъмирлаш, кенгайтириш, бу ерда спортчиларга ҳамда халқаро мусобақалар ўтказишга қулайликлар яратиш юзасидан тавсиялар берди.

-  Бу минтақанинг ҳавоси сув спорти учун жуда қулай, - дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев. – Шунинг учун эшкак эшиш каналини янада яхшилаш, бу ерда ҳар йили республика, Осиё ва жаҳон миқёсида мусобақалар ўтишига, спортчиларнинг дам олишига, мусобақаларни томоша қилишга янги шароитлар яратилади.

Бундан ташқари, канал атрофида катта спорт мажмуаси қурилади. Унда эшкак эшувчилар машқ қиладиган ҳавза, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар чўмилиб, ҳордиқ чиқарадиган ёзги ва қишки бассейнлар, сунъий қопламали футбол майдончалари барпо этилади.

Улар атрофида эса энг замонавий меҳмонхоналар, очиқ эстрада, ихчам ўйингоҳлар, аквапарк, ошхоналар бўлади. Кундузи тарихий обидаларни зиёрат қилган меҳмонлар бу ерда кечқурун мириқиб ҳордиқ чиқаришади. Катта йўл ёқаси бўлгани учун узоқ сафарга чиққан йўловчилар ҳам бу ерда тўхтаб, оилавий равишда дам олишлари мумкин.