Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фуқароларни Америкага юбормоқчи бўлган шахслар ушланди

Улардан бири - Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унга гўёки АҚШ элчихонасидаги танишлари орқали виза расмийлаштириб, Қўшма Штатларга юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

1999 йилда Оқдарё туманида туғилган, ҳозирда Америка Қўшма Штатларида яшовчи, муқаддам судланган шахс Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўқийдиган қариндоши билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга ишга юбориш эвазига ундан 16 минг АҚШ доллари талаб қилган. Талаба сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Аниқланишича, ҳозирда Қўшма Штатларда яшаётган оқдарёлик шахс муқаддам 4 нафар фуқарони Америкага ишга юборишни ваъда қилиб, улардан 41.600 АҚШ доллари олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилоятида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс Фориш туманида истиқомат қилувчи фуқарони алдаб, танишлари ёрдамида уни “Туркия-Европа-Никарагуа-Мексика” орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига талаб қилинган 17 минг АҚШ долларидан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

1991 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, ҳозирда АҚШнинг Оҳайо штатида яшовчи фуқаро ва Янгиер шаҳрида истиқомат қилувчи, 1991 йилда туғилган шахс ўзаро тил бириктириб, Ховос туманида яшовчи фуқарони Мексика орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш, шунингдек, бунинг учун зарур бўладиган виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига ундан 8200 АҚШ доллари талаб қилишган.

Лекин, Янгиер шаҳрида яшовчи шахс 8100 АҚШ доллари ва 1 млн. 240 минг сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.