Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳри Қорасув массивида қурилаётган янги уй-жойларда нима гаплар?

Қарийб ярим миллион аҳолиси бор Самарқанд шаҳрида бундан ўн йилча аввал кўп қаватли уйлар хусусий тартибда қурила бошлангач, бизда уйга эҳтиёжмандлар нечоғлик кўп эканини кўргандик. Ўша «коробка» хонадонлар учун ҳам илтимосу таниш-билишчилик бошланиб кетди. Бугун арзон уй учун тортишиб юрган ҳамшаҳарларимизнинг баъзилари ана шу «қути»ларга буюртма ҳам беришганди.

Бундан «руҳланган» «қурувчилар» эса ҳокимлик ва архитектура бошқармасини ҳам четлаб ўтиб, ўзлари истаган жойда кўпқаватли уй-жой қуришга киришиб кетдилар. Бунинг оқибати нима билан тугаётганини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Ана шундай бир пайтда давлатимиз раҳбари 2017 йил 23 октябрда аҳолига арзонлаштирилган уй-жойлар қуришни йўлга қўйиш юзасидан қарор қабул қилди. Гарчи бу ҳужжат асосида кимлар бу уйларга талабгор бўлиши мезонлари белгиланган бўлса-да, уйга эҳтиёжманд ҳар бир оила навбатга туришга интилди. Бундай уйлар ҳар бир туманда қурилиши белгиланса-да, ҳамма вилоят марказида яшашни хоҳлаб қолди. Боз устига Самарқанд шаҳар уй-жой тақсимоти комиссияси номигагина ташкил этилди. Комиссия раиси шаҳар ҳокими бўлишига қарамасдан унга ҳоким ўринбосари Т.Эсиргапов «раҳбарлик» қилди. Президент қарорида бу вазифа ҳокимнинг бошқа ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисига юклатилганди.

Ҳужжатларни ўрганар эканмиз, шу нарсага гувоҳ бўлдикки, комиссия тўла таркибда уйга талабгорлар масаласида маслаҳат ўтказмаган. Бу ишни «ишчи гуруҳи» баҳонасида ҳокимнинг биринчи ўринбосари котибияти ва уй-жой фонди бўлими ходимлари бажаришган.

Энг ёмони, уй-жой олиш учун навбатга қўйиш пала-партиш ташкил этилган. Онлайн тартиби жорий этилмагани боис қоғоздаги рўйхатлар «тасодифан» ўзгариб қолаверган.

Комиссия ва тегишли банкларнинг жиддий хатоси шундаки, улар уйнинг таннархи, нархи, кредит фоизлари хусусида аҳолини етарли даражада хабардор этмаган. Бу ҳам етмаганидек, «Ўзшаҳарқурилиш инвест» ташкилотининг лойиҳа сметаси тайёр бўлгунча берган тахминий нархини кўпчиликка оғзаки равишда охирги белгиланган нарх сифатида эълон қилиб юборган. Ваҳоланки, бу нарх тахминий, илгари қурилган беш қаватли уйлар учун белгиланган эди.

Шундай пайтда давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифи чоғида Қорасув мавзесида йирик аҳоли маскани ва инфратузилма яратиш вазифасини қўйди. «Агромир» корхонаси бу таклифга лаббай деб жавоб бериб, мавзеда 12-16 қаватли тураржой қуришга киришди. Туркиялик мутахассислар билан барпо этилаётган бу уй лойиҳаси замонавийлиги, хоналарнинг кенг ва баландлиги билан кўпчилик эътиборини тортди. Яшириб нима қиламиз, одамлардаги ҳавасдан фойдаланган шаҳар ҳокимлиги уй-жой тақсимоти комиссияси мижозларга бу уйни ҳам таклиф этди. Аммо на комиссия, на банк ходимлари бу турар жой тижорат усулида барпо этилаётгани, банк кредитлари имтиёзли эмаслигини аниқ тушунтирмади. Ҳамма низо ва тушунмовчилик шундан кейин юзага келди.

Кўп йилдан бери Самарқандда ишлаётган, арзон уй олиш иштиёқида юрган, бошланғич бадал учун маблағни бир амаллаб жамғарган фуқаролар ташвишини тушунса бўлади, аммо одамлар дардида қўлини иситиб олишни ўйлаган, лидерликни даъво қилган айрим кимсаларнинг хатти-ҳаракати масалани чувалаштириб юборди.

Вилоят ва шаҳар ҳокимлари Қорасув мавзесида яшаётган ва яшамоқчи бўлганлар билан бир неча бор учрашди. Энг аввало, бу масалани чувалаштириб юборгани учун шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, уй-жой масалалари бўлими ходимлари ишдан олинди.

Аввалига банкчилар, кадастр хизмати ва «Ўзшаҳарқурилиш инвест» МЧЖ ходимлари мурожаат қилганларга жамоатчилик иштирокида уй-жой нархи ҳамда банк кредити масаласида батафсил тушунча беришди. Муҳими, учрашувдан кейин шикоятчиларнинг барча талаби қондирилди. Яхши муомала қилмагани учун «Ўзшаҳарқурилиш инвест» вилоят вакили ҳам вазифасига нолойиқ деб топилди. Уй-жой ҳажми шартномадаги кўрсаткичдан кичик деганлар учун уларнинг хоналари ўлчанди. Аммо бу ерда ҳам камчилик топилмади.

Кимки «Агромир» уйларидан воз кечса, яна ўша эски навбати асосида 2020 йилда арзон уйлар олиши мумкинлиги айтилди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Г.Алимова раҳбарлигида жамоатчилик комиссияси тузилди. Комиссия шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган уй-жой тақсимоти комиссияси фаолиятини ўрганди, ҳужжатлар ва корхона ҳамда маҳалла раҳбарлари маълумоти асосида навбатга қўйишдаги тартибсизликларга барҳам берилмоқда. Бугун-эрта бу навбатнинг онлайн кўриниши ижтимоий тармоқларга қўйилади.

Қорасувда айнан уй-жой муаммолари билан шуғулланиш учун маҳалла йиғини биносида масъул шахс ва навбатчилик ташкил этилди, ҳар шанба куни вилоят ёки шаҳар ҳокимлиги вакили фуқароларни қабул қиляпти.

Шу ўринда мурожаатчилар «лидер»лари ўртага ташлаётган бир муаммога тўхталамиз. Эмишки, уй-жой нархи бошқа вилоятларда арзону, бизда қиммат. Марҳамат, азизлар, Марказий банк берган маълумотни кўриб, бу даъво нечоғлик тўғри ёки нотўғри эканини ўзингиз билиб олинг.

Изоҳ: 2020 йилда қуриладиган кўп қаватли уйлар учун 1м/2 га белгиланган нарх 5100,0 минг сўм бўлиши кутилмоқда.

Халқимизда «Истеъмолчи доимо ҳақ» деган гап бор. Бу ўринда ҳам ана шу ақидага риоя қиламиз. Чунки инсон борки, яхши, фаровон яшай, давлат берган имтиёзлардан фойдаланай, дейди. Қолаверса, бир амаллаб бошланғич тўловига пул йиққан, бу имкониятдан кейин уй олишга шароит бўлмайди, деб ўйлаганларни тушуниш мумкин. Аммо ҳамма шароити бўлатуриб, имтиёзли уйга эга бўлганлар ёки бундай уйларга навбатда турганлар, тағин ўзини «етакчи» санаб, икки ҳолат ўртасида нима қиларини билмай турганларни бўлар-бўлмасга гиж-гижлаётганларга халқнинг ўзи, жамоатчилик, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари баҳо бериши керак.

Яна бир гап. Вилоят ҳокими билан учрашув чоғида уй қурилиши сифатини назорат қилувчи гуруҳ тузилди, мабодо камчилик топилса, қурувчи ҳисобидан бартараф этилиши айтилди. Тушган айрим эътирозлар бажарилди ҳам. Бундан ташқари пудратчи ёки банк томонидан тўлов жараёнида хатога йўл қўйилган бўлса, бу маблағ мижоз тўловига қўшилиши айтилди.

Биз бир нарсага ҳайронмиз, ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтараётганлар нега ўзи эгалик қилмоқчи бўлган хонадондаги камчилик юзасидан маҳалла штабига хабар бермайди? Мақсад «етакчи»га қўшилиб «муҳит» яратишми ёки ўзи истаган шинам уйга киришми?

Давлатимиз раҳбари яқинда вилоятимизга ташрифи чоғида аҳоли учун уй-жой қурилишига алоҳида тўхталиб ўтди. Биз, энг аввало, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланганлар ва уй-жойга жуда муҳтож бўлганлар учун ҳар йили уйлар қурамиз. Шунинг баробарида тижорат асосида хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида ҳам баланд, замонавий турар жойлар, шаҳарчалар барпо этамиз. Чунки бизнинг аҳоли ҳам ривожланган давлатлар одамлари каби яшашини истайди, деди у киши.

Ҳаётий тажрибам бир ҳақиқатни айтишга маънавий ҳуқуқ беради, деб ўйлайман. Йиллар давомида саноқли уйлар қурдик. Имкон йўқ эди. Дастлаб намунали уй-жойларни ҳам оддий аҳолининг тўлов қобилияти йўқлиги боис, раҳбарларга, фермерларга мажбурлаб «сотдик». Уйга тўлов жараёни нечоғлик таҳликали бўлганига, ҳатто ўз ходими оладиган уй тўловини ўз вақтида уюштирмагани учун ташкилот раҳбари ишдан кетганига ўзим гувоҳ бўлганман.

Яшириб нима қиламиз, ногирон ва етимлар, боқувчисини йўқотганларга янги уйдан эмас, қайта таъмирланган ётоқхоналардан хоналар бердик.

Шунинг учун шаҳар ва қишлоқларда арзон уйлар қурила бошлаганини катта қувонч ва умид билан кутиб олдик. Бу иш ёмон кетмаяпти. Давлат бундай уйларни имконият даражасида қурмоқда. Чунки арзон уй учун банк кредити фоизи кам бўлиши, қурилиш материаллари арзон харид қилиниши, энг муҳими, қурувчида мурувват ва инсоф туйғуси кучли бўлиши ҳам лозим. Табиийки, янги қурилаётган барча уйларга бу хил имтиёз, барча пудратчи, бинокор учун бу хил талаб қўйиб бўлмайди.

Уй – шаън, уй – Ватан ичра ватан. Уйи бор одам ўзини қудратли ҳис қилади. Ота-боболаримиз ўғил туғилса, бир хона ва даҳлиз томига етарли болор берувчи терак ниҳоли эккан, йигирма йилдан кейин уларни ишлатган. Шундай оилалардан Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шароф Рашидов, Қори Ниязий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, қолаверса, кўз ўнгимизда Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саид, Усмон Азим, Иқбол Мирзолар чиқди.

Хорижда бўлганимда кўрганман: ногирон ва қариялар давлат томонидан фақат яшаш ҳуқуқи асосида уй билан таъминланади. Уйга навбат туриш деган гап йўқ, яъни пулинг бўлса, истаган пайтда уй сотиб олаверасан. АҚШ, Германия, Хитой, Ҳиндистон каби давлатларда ҳам аҳолининг бир қисми ижарада яшаб умр кечиради. Бизда эса…

Баъзан ногирон боласи, учта отадан орттирган уч нафар фарзандини пеш қилиб барча идораларни овора қилаётганлар ҳаракати дилимни оғритади. Албатта, арзон уй-жой қурилишида ҳокимликлар лоқайдлиги, пудратчи ва қурувчининг инсофсизлиги, банкларнинг эътиборсизлиги учун мутасаддиларга чора кўриляпти. Бироқ шахсий манфаат йўлида кам таъминланганларга ёки муҳтожлар ҳақига шерик бўлаётганларга ҳам жамоатчилик ўз сўзини айтиши керакку! 10-15 йиллар олдин хусусий уй ҳақида орзу ҳам қилолмаган айрим оилалар энди имконият яратилганда сабр билан шу нарсага эришиши маъқул эмасми?

Ушбу мақолани шу жараён ичида юрганим учун виждон амри билан ёздим. Уни 1996 йилгача давлат уйида яшаган, ҳозирда ҳам икки сотих ҳовлида истиқомат қилаётган ҳамшаҳарларингизнинг мулоҳазаси, қалб кечинмалари деб қабул қилишингизни сўрайман. Ушбу фикрларга босиқлик, таҳлил билан муносабат билдирувчиларга олдиндан миннатдорлик айтаман.

Фармон ТОШЕВ.