Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳри ва Нарпай туманида қўлбола ароқ ишлаб чиқарувчилар аниқланди

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган навбатдаги тадбир натижасида қўлбола ароқ ясовчи "тадбиркор"нинг фаолиятига чек қўйилди. Самарқанд шаҳрида яшовчи Б.Ю. ўз хонадонида ноқонуний равишда спиртни қайта ишлаш цехи ташкил этиб, истеъмолга яроқсиз бўлган спиртли ичимлик тайёрлаш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.

Тадбир давомида, унинг хонадонидан ашёвий далил сифатида 2 турдаги 16 дона қўлбола усулда тайёрланган ароқ, 540 дона ароқ целофан ғилофлари, 525 дона ароқ қопқоқлари, 3 дона шиша идишларда 30 литр спирт, 40 дона коньяк, 1850 литр ҳар хил идишларда сақланаётган вино, 42 дона ҳар хил турдаги бўш ароқ шишалари ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўлбола ускуна ҳамда ёрдамчи идишлар тегишли тартибда процессуал ҳужжатлаштирилди.

Шунингдек, Департамент ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган навбатдаги тадбир жараёнида, Нарпай туманида яшовчи Ж.А. ва С.С.ларнинг яшаш хонадонларида қўлбола усулда тайёрланиб, сотишга мўлжалланган 0,5 литр ҳажмдаги 100 блок “Stolichnaya” (1500 дона) ва 0,45 литр ҳажмдаги 150 блок “Parlament” номли (3600 дона), жами 5100 дона ароқ маҳсулотларини сақлаб келинаётганлиги аниқланган. Маҳсулот ва ашёлар тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Айни пайтда ушбу шахсларга нисбатан, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.