Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида 9,5 миллиард сўмлик газ талон-торож қилингани маълум қилинди

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Самарқанд шаҳридаги 9 та кўп қаватли уйда қарийб 9 млрд. 535 млн. сўмлик табиий газдан, 2 та кўп қаватли уй эса 64 млн 800 минг сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Вазирлик ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида Самарқанд шаҳридаги 136-144-сонли кўп қаватли уйлар (9 та) табиий газ тармоғига «Биллинг» дастуридан рўйхатдан ўтмаган ҳолда уланиб олиб, ундан ноқонуний фойдаланиб келаётгани фош этилган.

Ушбу кўп қаватли уйлар “А.Б.” МЧЖ томонидан қурилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тизимга қарийб 9 млрд. 535 млн. сўм (25 млн. 90 минг 836 метр куб) зарар етказилган.

Бундан ташқари, мазкур ҳудуддаги 142-143-сонли кўп қаватли уйлар электр энергиясидан фойдаланиш учун шартнома тузмасдан, «ПК-учёт» базасида рўйхатдан ўтмаган ҳолда ноқонуний фойдаланиб, тизимга 64 млн. 800 минг сўм зарар етказгани аниқланган.

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.