Самарқанд шаҳрида ўқувчи, талаба, пенсионерларга жамоат транспортидан фойдаланишда имтиёз берилди
- 26.11.2024 10:45
- 745
- Самарқанд
Вилоят транспорт бошқармаси хабарига кўра, имтиёзлар кеча, 25 ноябрдан кучга кирган. Шу санадан бошлаб жамоат транспортлари учун ижтимоий карталардан ўқувчилар, талабалар ва нафақадагилар (имтиёзли тоифаларга кирувчи йўловчилар) учун белгиланган қоидаларга мос тарзда фойдаланиш йўлга қўйилди.
Ушбу карталар ЎзПост почта бўлинмаларида сотилади. Мисол учун, йўловчи мазкур карталар орқали 140 минг сўмга бир ойлик лимит сотиб олса, юқорида кўрсатилган йўловчилар 50 фоиз чегирмадан фойдаланиб, 70 минг сўмга ойлик лимит олишади.
Маълумот учун, ўтган йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида жамоат транспортини такомиллаштириш тўғрисида вилоят ҳокими қарори эълон қилинганди. Мазкур имтиёз ана шу ҳужжат асосида ишлаб чиқилган бўлиб, қарорда бошқа имтиёзлар ҳам тўлиқ кўрсатилган.