Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида қуриладиган кўп қаватли уйларнинг ертўласида автомобиль тураргоҳлари қурилади

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар учун пресс-тур ташкил этди.

Дастлаб қатнашчилар аэропорт атрофида, хусусан, Ойдин йўл кўчаси бўйлаб қилинаётган ишлар ва Ширин маҳалласи ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган туристик ҳудуд ҳамда кўп қаватли янги аҳоли массиви режаси билан танишди.

– Бу ерга келиш учун ҳозирда Пўлатдархон маҳалласи орқали узоқ масофани босиб ўтиш керак бўлади, - дейди  шаҳар ҳокимлиги масъул ходими Фирдавс Истамов. - Келажакда Зарафшон дарёси устидан кўприк қурилиб, шаҳар билан энг яқин масофада қатнов йўлга қўйилади. Бу ҳудудда кўп қаватли уйлар қурилиб, юз минг аҳоли яшашига мўлжалланган маскан бунёд этилади. Айни пайтда шаҳарча қурилиши мўлжалланган ҳудудда яшовчи аҳолига “снос” бўйича огоҳлантириш хатлари берилган. Энг муҳими, «снос»лар амалга оширилаётганда бирорта хонадон эгаси норози қилинмайди. Ҳар бир мулк эгаси билан махсус комиссия ўрганиш олиб бориб, келишилган ҳолда мулкнинг қиймати баҳоланиб, уларга уй-жой олиб бериляпти ёки компенсация пуллари тўланяпти.

Шаҳарнинг Рудакий кўчасида ўтган йилнинг декабрь ойида қурилиши бошланган ишлар сўнгги босқичга етиб келган. Пресс-тур қатнашчилари бу ердаги жараён билан ҳам танишди.

- Йўлнинг Гагарин кўчаси билан кесишган қисмигача асфальтлаш ишларини якунлаяпмиз, - дейди вилоят минтақавий йўллар буюртмачи хизмати корхонаси ходими Элдор Бекмуродов, - Ҳозирда ёриткич чироқларини ўрнатиш ва пиёдалар йўлагини қуриш ишлари давом этяпти. Жорий йилнинг октябрь ойигача қурилиш ишларини тугатамиз.

Мутахассиснинг таъкидлашича, асфальтнинг мустаҳкамлиги оғир юк ташувчи транспортлар учун ҳам мўлжалланган. Йўлнинг таъмири учун 30 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Пресс-тур сўнггида матбуот анжумани ташкил этилди. Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Рустам Олимов анжуман иштирокчиларига кўп қаватли уйларнинг қурилиши, “снос” ва ички йўлларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди.

- Бугунги кунга келиб шаҳримизда транспорт тирбандлиги катта муаммога айланган. Истаймизми, йўқми бу муаммо қурилишда айрим қўшимча зарур талабларни ҳам келтириб чиқаради, - дейди Р.Олимов. – Хусусан, ҳозирда кўп қаватли уйларни қурувчи ташкилотларга уйнинг ертўласида автомобиль тураргоҳларини қуриш талаби қўйиляпти. Сабаби, кўп қаватли уйлар олдида ҳам тартибсиз ҳолат юзага келяпти.

Шаҳар ҳокими ўринбосари бу йил ички йўлларнинг 150 километр қисми таъмирланиши, айниқса, бу ишларда пиёдалар ва велойўлакларнинг қурилишига катта аҳамият берилаётганини таъкидлади.

Матбуот анжуманида журналистлар ва блогерлар соҳа бўйича саволларига жавоб олишди.

Сулаймон Мардиев.