Самарқанд шаҳридаги ўндан ортиқ маданий мерос объекти таъмирланди
Аммо ўттиздан зиёд ёдгорлик авария ҳолатида.
Вилоятда 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, ёдгорликларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари ва 34 таси диққатга сазовор жойлардир. Объектларнинг 483 таси, яъни 30 фоизи Самарқанд шаҳрида жойлашган.
Маълумотларга кўра, шаҳардаги ёдгорликларнинг 363 таси қониқарли, 77 таси қониқарсиз, 31 таси эса авария ҳолатида турибди. Таъмирталаб объектларнинг 19 таси хусусий мулк сифатида рўйхатга олинган.
- Кейинги йилларда Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканлар - Регистон, Шоҳи Зинда, Бибихоним, Хон Саид Имом, Дари Занжир, Мирвафобой уйи, Ашратхона, Сарой Мулк Хоним, Оқ Сарой, Маҳдуми Хоразмий ҳамда Қози Ғофур маданий мерос объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган иншоотлар муҳофазага олинди, - дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимов. – Бунинг учун 6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, маданий мерос объектларининг сақланиши, таъмирланиши, тикланиши ва муҳофаза қилиниши устидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, шаҳардаги XIX-XX асрларга оид тўртта архитектура иншоотини маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқариш учун хат юборилди.
Авария ҳолатида турган маданий мерос объектларига келсак, келгуси йилларда давлат дастури асосида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида Низом” талаблари асосида давлат мулки объектларини ижарага бериш ҳамда инвестиция киритиш орқали ёдгорликларни таъмирлаш режалаштирилган.