Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида байрам тантаналари бўлиб ўтди

Давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят фаоллари, зиёлилар, шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган турли соҳа ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади. Вилоят ҳокими бу йилги байрам «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали тантаналарига уланиб кетганлиги, фестивалда давлатимиз раҳбарининг нутқ сўзлаши, қадимий юртимиз ва унинг маърифатли халқи шаънига айтган илиқ сўзлари ҳар бир самарқандлик қалбига ғурур бағишлашини қайд этди.

- Бугунги байрамнинг биз учун аҳамияти шундаки, Президентимизнинг фармонига кўра «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳасан Нормуродовга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди, - деди вилоят ҳокими. - Бу унвон давлатимиз раҳбарининг вилоятимиз салоҳиятига, ижтимоий муҳитига эътибори ва эътирофидир.

Қайд этилганидек, мамлакатимиздаги бунёдкорлик, жўшқинликнинг асосий сабаби бу - энг аввало, мустақиллик берган ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда барча соҳаларда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар самарасидир.

Мисол учун, шу йилнинг ўзида вилоятимизда турли манбалар ҳисобидан 540 ўринли янги мактаб қурилди, 10 минг 992 ўринга мўлжалланган 34 та мактаб реконструкция қилинди, 15 та мактаб мукаммал таъмирланди.

Болаларни мактабгача тарбия муассасаларига қамраб олиш борасидаги ишларни ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин. Хусусан, йил бошидан буён шаҳар ва туманларда 931 та болалар боғчалари қуриб, фойдаланишга топширилди. Қишлоқларда 500 дан зиёд уй-боғчалари очилди. Йил охиригача қишлоқ ва шаҳарларда яна 109 та давлат-хусусий шериклик асосида, 453 та оилавий ва 42 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилади. Шу тариқа болаларни боғчаларга қамрови 51,6 фоизга етказилади.

Вилоятимизда ёшларнинг илм олиши учун кенг имкониятлар яратилди. Хусусан, «Ипак йўли» халқаро туризм ва Самарқанд ветеринария медицинаси институтларидан кейин Самарқандда Тошкент иқтисодиёт университети, Тошкент давлат аграр университети, шунингдек, Россия жисмоний тарбия, спорт ва туризм университетининг филиаллари очилди.

Бундан ташқари, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу борада биргина ичимлик суви масаласида олиб борилаётган ишларнинг ўзи кўрсатилаётган коммунал хизматлардан одамларни рози қилиш асосий диққат-эътибор марказида эканлигини исботлайди.

Жумладан, жорий йилда аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида барча манбалар ҳисобидан 156,4 миллиард сўм ва хорижий кредит маблағлари ҳисобидан 85,4 миллион АҚШ доллари эвазига 262 та объектда ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбирда вилоятимиз ва пойтахтдан келган санъаткорларнинг концерт дастури намойиш этилди.