Самарқанд шаҳридаги учта йўналишда йўловчи ташиш автобус ва электробуслари қўйилди

Самарқанд шаҳар жамоат транспортида илк бор электробуслар ҳаракати М1-сонли “Темирйўл АББ - Самарқанд халқаро аэропорти” шаҳар автобус йўналишида йўлга қўйилган эди.

Мазкур йўналишда электробусларнинг хизмат кўрсатиш оралиқ интервали 15 дақиқадан 9-10 дақиқагача қисқартирилди.

Ушбу кунгача мазкур йўналишда 6 та электробус ишлаган бўлса, энди ҳаракат таркиби яна 2 тага оширилиб, 8 та электробус аҳоли хизматига чиқарилди.

Шунингдек, М2-сонли “Ҳазора АББ-Гулобод қўрғони” шаҳар автобус йўналишида транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтаб қолиши аҳолининг кескин эътирозларига сабаб бўлганди. Аҳолини жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида М2-сонли шаҳар автобус йўналишида электробуслар ҳаракати йўналиш чизмасига ўзгартириш киритилган ҳолда қайта тикланди.

М2-сонли шаҳар автобус йўналиши Ватанпарвар маҳалласидан бошланиб, Спитамен шоҳ кўчаси, Мирзо Бедил, Тонг, Али Қушчи, С.Бухорий, Амир Темур, Абдураҳмон Жомий кўчалари, Университет хиёбони ва Усмон Юсупов кўчаси орқали Самарқанд тумани шифохонасида ўз йўналишини якунлайди.

Йўналишда «YUTONG» русумли 10 та автобус 12 дақиқалик интервал асосида ҳаракатланади. Электробусларда электрон тўлов тизими бор.

Бундан ташқари, М5-сонли “Темирйўл АББ - Темирйўл АББ” шаҳар ҳалқа йўналиши (соат кўрсаткичи бўйлаб) қайта тикланди.

М5-сонли шаҳар автобус йўналиши Темирйўл вокзалидан бошланиб, Рудакий, Гагарин, Мирзо Улуғбек, Бўстонсарой кўчалари, Университет хиёбони, Регистон, Даҳбед, Рудакий, Шоҳи Зинда, Уста Умар Жўрақулов, Шаббода, Садриддин Айний, Намозгоҳ кўчалари, Университет хиёбони, Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек, Гагарин, Рудакий кўчалари орқали яна Темирйўл вокзалида якунланади.

Бу йўналишда ҳам «YUTONG» русумли 10 та автобус 12 дақиқалик интервал асосида ҳаракатланади. Электробусларда электрон тўлов тизими мавжуд.