Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд солиқ бошқармасида ишингиз биринчи қаватда битади

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида ўтказилган матбуот анжумани бошқарма биноси биринчи қаватида ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишишдан бошланди.

– Бугун “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида иш олиб бориш талаб этилмоқда, – деди бошқарма бошлиғи А.Иноғомов. –  Шундан келиб чиқиб, тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган марказ фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда 20 нафардан ортиқ ходим тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга 7 йўналиш бўйича хизмат кўрсатмоқда. Илгари тадбиркор ёки жисмоний шахс бирор бир масала юзасидан бошқармага келиб, муаммосига ечим излаб хонама-хона юришига тўғри келган. Энди бунга ҳожат йўқ. Ҳамма масала шу ернинг ўзида ҳал бўлади. Ҳар бир мурожаат тегишлилиги бўйича масъуллар томонидан кўриб чиқилади. Залда овозли кузатув камералари ўрнатилган ва бу ердаги жараённи бошқарма раҳбарияти кузатиб туриш имконияти яратилган.

Матбуот анжумани чоғида бошқарма раҳбар ва масъул ходимлари 2020 йилги фаолият ҳамда 2021 йилда солиқ сиёсатида кутилаётган янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.