Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тиббиёт ходимлари учун Кореядан ҳимоя воситалари келди 

Ўтган йили Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги биринчи ва иккинчи сонли клиникалар ҳамда Жанубий Кореянинг Кенбук миллий университети Чилькок шифохонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Яқинда Кореянинг ушбу шифохонаси рахбариятидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари номига мактуб келди. Мактубда «Биз меморандум доирасида икки томонлама соғлиқни сақлаш тизими бўйича ҳамкорликни давом эттиришни қўллаб-қувватлаймиз. Аввало, Самарқанд тиббиёт маркази ҳамда Кенбук миллий университети Чилькок шифохонаси ўртасида тажриба алмашув ва ҳамкорлик маркази ташкил этиш таклифини илгари сурамиз. Ушбу марказ халқаро ҳамкорлик, соҳадаги тадқиқотларда, тиббий таълим ҳамда Самарқанд аҳлига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни ўзида ифодалайди. Марказ Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги клиника биносида жойлашиб, ушбу муассаса вилоятдаги тиббий фаолият ҳамда Самарқанд аҳлининг саломатлиги учун муҳим ўрин тутади, деб ўйлаймиз. Ушбу алоқаларнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида вилоят тиббиёт ходимлари учун коронавирусга қарши курашда зарур бўладиган қуйидаги тиббий анжомларни жўнатмоқдамиз».

Мактуб билан бирга унда айтилган жиҳозлар ҳам вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига етиб келди. Унда тиббиёт ходимлари учун ҳимоя кийимлари ва анжомлари, зарур кислород мосламалари бор.