Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд, Тошкент ва Бухорода "Декларациялар мулоқоти" халқаро форуми ўтказилади

16-20 май кунлари ушбу шаҳарларда Шимолий Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг турли диний конфессиялари вакиллари, таниқли уламолар, диншунос олимлар ва хуқуқшунослар иштирокида халқаро форум ташкил этилади.

"Декларациялар мулоқоти" деб номланган мазкур халқаро форумнинг хорижий иштирокчилари турли диний ҳамжамиятлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва сиёсий-ҳуқуқий тажрибаси билан танишади.

2019 йилда илк маротаба ташкил этилган ушбу халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2018 йилда БМТ Бош ассамблеясида қабул қилинган "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюция тамойилларини ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги тизимли ва изчил ишларнинг амалий ифодасидир.

Халқаро анжуманнинг энг асосий натижаси — бу Бухоро декларациясининг қабул қилинишидир. Мазкур ҳужжат муҳим халқаро аҳамиятга эга бўлиб, илгари қабул қилинган Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунта дель Эсте декларацияларининг мантиқий давомидир. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг глобал миқёсда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қўшган юксак ҳиссаси бўлиб хизмат қилади.

Форум ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар ҳамда Бухоро ва Самарқанд хокимликлари ҳисобланади.