Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тумани ҳокимининг тадбиркор манфаатларини бузган қарори ҳақиқий эмас, деб топилди

Бундан икки йил аввал 2017 йил 15 майда Самарқанд тумани ҳокимининг қарори билан тумандаги “Ф.Қосимова агротехсервис” агрофирмаси сувли ерлар ҳисобидан фуқаро Ж.Каримовга янги технологиялар асосида замонавий, юқори самарали иссиқхона ташкил этиш учун 1 гектар ер майдони ажратилиши белгиланган.

Ж.Каримов иссиқхона қуриш учун сув қудуғи ўрнатиб, уни электр энергиясига улаган ва бошқа бир қатор ишларни амалга оширган. Шу орада мазкур ҳудудда деҳқончилик қилувчи бошқа фуқаролар билан Ж.Каримов ўртасида ер билан боғлиқ низолар юзага келган.

Ж.Каримов ажратилган ер майдонидан бошқа фуқаролар ноқонуний равишда фойдаланиб келаётганлиги боис уларга нисбатан қонуний чора кўриш ва ер майдонини унга қайтариб олиб бериш юзасидан тегишли идоралар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Бироқ унинг муаммосини қонуний ҳал қилиш ва ер майдонини аниқ ўлчаб бериш чоралари кўрилмаган.

Бундан ташқари, белгиланган контурда 1 гектар эмас, 0,30 гектар сувли ер майдони мавжудлиги аниқланган. Жумладан, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг бошқарма бошлиғи С.Ҳакимов томонидан вилоят ҳокимлигига тақдим қилинган хатда Самарқанд тумани ҳокимлиги томонидан иссиқхона ташкил қилиш учун чиқарилган қарорда жами сувли ер майдони 0,30 гектар бўлса-да, 1 гектар ер майдони ажратилиши хато белгиланганлиги кўрсатилган.

Шунингдек, ушбу хатда Ж.Каримовга ажратиб берилган ер майдони остки қисмидан шаҳар аҳолисининг чиқиндиси - канализация қувури ўтганлиги сабабли иссиқхона ташкил қилиш учун 464-контурга чегарадош бўлган 463- ёки 465-контурлардан ер майдони ажратиш масаласини қайта кўриб чиқиш сўралган. Бироқ туман ҳокимлиги томонидан муаммони ҳал қилиш ва иссиқхона қуриш учун тегишли ер майдонини ажратиб бериш ўрнига, турли важлар кўрсатилган жавоб хатлари тақдим қилиб келинган.

Иссиқхона қуриш учун ажратилган ер майдони билан боғлиқ бир қанча муаммолар мавжуд бўлса-да, Самарқанд тумани прокуратураси томонидан Ж.Каримовга иссиқхона қуриш учун ажратилган ер майдонида ўз вақтида қурилиш ишлари амалга оширилмаганлиги боис туман ҳокимининг 2017 йил 15 майдаги қарорини қонунга мувофиқлаштириш юзасидан 2019 йил 18 март куни тақдимнома киритилган.

Мазкур тақдимнома туман ҳокимлиги томонидан маълумот ва ижро учун қабул қилиниб, 2019 йил 21 майдаги қарор асосида Ж.Каримовга иссиқхона қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2017 йил 15 майдаги қарори бекор қилинган.

Суд мажлисида Ж.Каримов туман хокими бу ҳақда уни огоҳлантирмаганлиги ва хабардор қилинмаганлигини билдирган.

Бунда Ер кодекси, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги фармони талаблари бузилган.

Юқоридагиларга кўра, туман ҳокимининг 2019 йил 21 майдаги қарори Ж.Каримовнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжат ҳисобланади.

Шу боис суд Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг шикоят аризасини муҳокама қилиб, Самарқанд тумани ҳокимининг 2017 йил 15 майдаги қарорини бекор қилиш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2019 йил 21 майдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.

З.КАРИМОВ,

Самарқанд тумани маъмурий суди раиси.