Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд туманида афв этилганлар ҳолидан хабар олинди

Ҳар бир халқнинг ўз эътиқоди, инсонийлик фазилатлари бор. Ана шундай фазилатларни ўзида мужассам этган, қонун устувор бўлган жамият эса камдан-кам учрайди. Бу тамойил ўзбек халқига бегона эмас. Зеро, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни афв этиш халқимизнинг азалий қадриятларидан биридир.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, жазо муддатини ўтаётган фуқаролар афв этилди.

Самарқанд тумани ИИБ бошлиғи А.Тошев, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Ҳалимов ҳамда ДХХ ходимлари муқаддам судланиб, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўташи даврида тузалиш йўлига қатъий ўтиб, афв этилган фуқаролар ҳолидан хабар олди.

- Тумандаги Саховат маҳалласида яшовчи Фирдавс Раҳимов адашиб жиноят кўчасига кириб қолган, - дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Аминжон Тошев. – Бугун Фирдавс тузалиш йўлига ўтди. Қилган қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон. Энди жамиятимиз учун фойдали ишларга бош бўлиш ниятида.

Шунингдек, мутасаддилар Ўрта Туркман маҳалласида истиқомат қиладиган Элдор Гулматовнинг хонадонида ҳам бўлишди. Суҳбат давомида келгуси ҳаётида муносиб ўрин топиши учун интилиши, меҳнат қилиши таъкидланди. Афв этилганларга моддий ёрдам кўрсатилди.