Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоят судларининг ёшлар етакчилари ёшлар билан илк учрашувни ўтказди

Самарқанд таянч тиббиёт коллежида суд фаолиятида янги ташкил этилган ёшлар иттифоқи етакчиларининг ўқувчи ёшлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятимиздаги судларнинг ёшлар етакчилари – Нодир Ҳамраев, Отабек Қодиров, Бекзод Суюнов, Достон Маматазимов ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларни суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлардан хабардор қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, эрта никоҳ ҳамда ёш оилаларнинг ажралишларининг олдини олиш, коррупция, одам савдоси каби мавзуларда сўз юритди.

Давра суҳбатида қайд этилишича, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятларга нисбатан 25 фоизга етган.  

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судлари томонидан 2019 йил мобайнида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1 минг 545 нафар шахсга нисбатан 1 минг 304 та иш кўрилган. 

Шундан, 675 та иш бўйича 821 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган, 15 нафар шахсга нисбатан шартли ҳукм қўлланилган. 

Судлар томонидан “Касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул”, деган нақлга амал қилган ҳолда жиноят билан курашишда дастлаб ёшларни жиноят қилишга ундайдиган сабаблар, ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ёшлар орасидаги жиноятларнинг илдизи ҳам худди шу жиҳатлардан қидирилмоқда. 

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судлари томонидан 2019 йил мобайнида 115 нафар шахс ёшлар иттифоқининг кафиллиги асосида суд залидан қамоқдан озод қилинган, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш мақсадида, 758 та ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган. 

Шунингдек, озодликдан маҳрум қилинган 194 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроқ жазо турига алмаштирилган, 1 минг 122 нафар шахс тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.

Давра суҳбатида ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.