Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд ёшлари қандай киноларни кўришни хоҳлайди?

Самарқанд шаҳар Ёшлар марказида “Ёшлар ва кино” шиори остида Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов, “Ёшлар” тажриба студияси раҳбари Иззатулла Саиджабборов ва актёр Қаҳрамон Мелиевларнинг самарқандлик ёшлар билан ижодий учрашуви ўтказилди.

Унда бугунги ўзбек киносининг ютуқ ва камчиликлари, олинаётган кинолар, актёрларнинг  маҳоратли ижроси, муаммолар ҳамда самарқандлик ёшларнинг ўзбек киносидан кутаётганлари, таклиф ва мулоҳазалари ҳақида сўз юритилди.

- 1967 йилда “Шум бола”да роль ўйнаш учун Самарқандга келгандим, - деди Хайрулла Саъдиев. – Бу ернинг ижодий муҳити бегона эмас, қанчадан-қанча маҳоратли актёрлар, режиссёрлар, кино арбоблари камол топган маскан. Учрашувдан мақсадимиз ҳам ижодкор ёшлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг фикрларини тинглаш, уларнинг ғоялари асосида сценарийлар ёзиб, янги киноларни суратга олишдан иборат. Бунинг учун томошабиннинг фикри, қандай фильмларга эҳтиёжи борлигини ўрганиш жуда муҳим.

Ёшлар томонидан киноижодкорларга тарихий сиймоларимиз, мазмунан бой, миллий анъана ва қадриятларимизни тарғиб этувчи кино ва телесериаллар ишлаш борасида кўплаб саволлар берилди.

- Вилоятларимиз ичида Самарқанддагина кинотеатрлар сақланиб қолинган, - дейди Матёқуб Матжонов. – Бизда ҳам тарихий киноларимизнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. 2019 йилда “Исломхўжа”, “Абдулла Авлоний”, “Қўқон шамоли” каби фильмлар томошабинларга ҳавола этилди. Бу йил “Исахон Ибрат” тарихий фильми ҳамда уруш даври манзараларини ҳикоя қилувчи “Илҳақ” номли кинолар устида иш олиб бораяпмиз. Турк ижодкорлари билан ҳамкорликда 12 қисмдан иборат “Жалолиддин Мангуберди” телесериали ҳам съёмка жараёнида. Шуни айтишим керакки, кинопрокатда камчилигимиз бор. Янги-янги фильмлар ишлаяпмиз, аммо намойиш этишга, томошабинга кўрсатишга имкониятимиз чекланган. Шунинг учун ҳар бир вилоятда “Ўзбек киноси кунлари” ўтказишни таклиф қилдик. Мобил кинотеатрлар орқали томошабинларга янги асарларни намойиш этишни йўлга қўямиз.

Шунингдек, учрашувда “Ўзбеккино” миллий агентлиги қошида “Ёшлар тажриба студияси” ташкил этилгани айтилди. Унда 40-50 нафар ёш истеъдодлар режиссёрлик, қўшиқ айтиш, актёрлик маҳорати бўйича малакали мутахассислардан сабоқ олмоқда. Асосийси, бу ерда ёшлар ўз ижод намуналарини саҳналаштириши, фильм олиши учун ҳам барча имкониятлар яратилган.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.