Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 100 мингдан зиёд абонент ЭҲНАТга уланди. Келгуси йил охиригача бошқалар ҳам уланиши шарт

Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги "Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергия истеъмолини назорат қилиш, ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан маълум қилинишича, бугунги кунда 100 минг 154 абонент электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) автоматик тартибида уланган.

Юқорида қайд қилинган фармонда 2020 йилнинг охиригача абонентларнинг барчасини ЭҲНАТ билан қамраб олишни таъминлаш назарда тутилган. Шу боис айни пайтда Мажбурий ижро бюроси, электр таъминоти корхонаси, ички ишлар бўлими ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи истеъмолчиларни хатловдан ўтказмоқда.

Қайд қилинишича, электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий ускуналари истеъмолчиларга "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ҳисобидан бепул ўрнатиб берилмоқда. Бунда бир абонентга ўртача 770 минг сўм сарфланаётгани инобатга олинса, ҳар бир истеъмолчининг шунча маблағ иқтисод қилаётгани англашилади. Шунингдек, пластикли ҳисоблагичи мавжуд истеъмолчиларнинг пластик картасида қолган пул маблағи янги ҳисоблагич учун очилган ҳисоб рақамига тушириб берилмоқда.

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимга уланганлар сони ортиши натижасида электр энергияси учун тўловларнинг умумий миқдори ҳам ошган. Хусусан, Самарқанд шаҳрида 2018 йилнинг 8 ойида 144 миллиард 782 миллион сўм тўловлар амалга оширилган. Тўловларнинг 46 миллиард 597 миллион сўми аҳоли, 98 миллиард 185 миллион сўми улгуржи истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилнинг 8 ойида эса электр энергияси учун 204 миллиард 164 миллион сўм тўловлар амалга оширилган. Шундан 62 миллиард 150 миллион сўми аҳолидан, 142 миллиард 14 миллион сўми улгуржи истеъмолчилардан ундирилган.

 Келгуси йил охиригача ҳамма уланиши шарт. Нега?

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тегишли мутасадди ташкилотларга 2020 йилнинг охиригача янги ҳисоблагичларни ўрнатиш ишларини тугатиш вазифаси топширилган.

- Аслида амалдаги тартиб бўйича электр энергияси учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ҳисоб-китоб қилиш учун истеъмолчилар мажбурий тартибда ЭҲНАТга мос келадиган электрон ҳисобга олиш асбоблари билан, 750 кВА ва ундан юқори қувватга уланган истеъмолчилар эса ЭҲНАТга мос келадиган кўп функцияли (кўп тарифли) электрон ҳисобга олиш асбоблари билан таъминланган бўлишлари керак, - дейди "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Валижон Қиличев. - Шундан келиб чиқиб олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида айни вақтгача вилоятдаги мавжуд 800 мингдан зиёд абонентнинг 275 мингдан ортиғи замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланган.

Қайд этиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан ЭҲНАТга мос келадиган ҳисобга олиш асбоблари бўлмаганда, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари истеъмолчилар ва субистеъмолчиларни электр тармоқларига улаш тақиқланади.

 Янги тизимнинг афзаллиги нима?

Жорий этилаётган янги тизим бир қатор афзалликларга эга. Хусусан, ҳисоблагич ўрнатилгач, ЭҲНАТга уланади, код киритилиб, ҳисоб-рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобиль телефон рақамига уланиши тўловни уйдан чиқмай "on-line" режимида амалга ошириш имконини беради. Энг муҳими, "шахсий кабинет" орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.

Шу боис энди истеъмолчи электр таъминоти корхонаси ёки банкда навбат кутмайди. Янги тизимга улангач, истеъмолчи электр ҳисоблагич кўрсаткичини суратга олиб, ниманидир исботлашига ҳожат қолмайди.

Янги тизимда ҳисоблагичдаги маълумотларни компьютер назорат қилади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини истеъмолчиларда юзага келадиган техник бузилиш, қисқа туташув ва бошқа ҳолатларни бартараф этишга сарфлайди.

Янги "ақлли" ҳисоблагичнинг яна бир хусусияти шундаки, маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Истеъмолчи электр энергияси тўловини тўламаган тақдирда масофадан ўчиш хусусиятига эга.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.