Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 1607 та маданий мерос объекти бор. Улардан самарали фойдаланяпмизми?

Ўзбек халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий-назарий ва амалий жиҳатдан ўрганиш ҳамда ундан мақсадли фойдаланиш борасида юртимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунки маданий мерос объектларимизни дунё тан олмоқда. Жумладан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, "Бойсун маданий муҳити", "Шашмақом мусиқаси", "Наврўз", "Катта ашула", "Аския", "Палов маданияти ва анъаналари" Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқот ва тарғибот қилиш тизими такомиллаштирилди. Буларнинг ҳаммаси бир томондан маданий мерос объектларимизни мукаммал ўрганишга қаратилган бўлса, бошқа томондан маданий меросларимизни туризм объекти сифатида туристларга намойиш қилиш орқали, уларни тарихимиз билан таништиришга қаратилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда 8208 та кўчмас моддий маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, улардан 4748 таси археологик ёдгорликлар, 2250 таси архитектура ёдгорликлари, 678 таси монументал санъат ёдгорликлари ва 532 таси диққатга сазовор жойлардан иборат. Агар уни вилоятлар кесимида қарайдиган бўлсак, кўчмас моддий маданий мерос объектларининг катта қисми Самарқандга тўғри келади. Вилоятимизда 1607 та объект рўйхатга олинган бўлса, Қашқадарё вилоятида 1468 та, Бухоро вилоятида 829 та, Тошкент вилоятида 828 та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган.  

2021 йил 6 апрелда Президентимизнинг “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилингани бу соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шу пайтгача маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уни бошқариш Маданият вазирлиги зиммасида эди. Унинг қошида Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари бошқарар эди. 2018 йилда агентлик негизида Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилди. Кўриб турганингиздек, маданий мерос объектларининг эгаси бошқа ташкилот, ундан фойдаланадиган эса туризм қўмитаси эди. 2021 йилда қабул қилинган фармон билан маданий мерос объектларига эгалик қилиш ҳам, уни сақлаш ва ундан фойдаланиш ҳам битта давлат ташкилоти зиммасига юклатилди. Яна бир жиҳат, олдинги тартиб бўйича туристлар келиб кўрадиган объектларнинг аксарият қисми, туристларга хизмат кўрсатадиган инфратузилмалар хусусий мулкка асосланган бўлиб, асосан тадбиркорлар қўлида эди. Эндиликда маданий мерос объектидек муқаддас ўтмишимиз, қадриятларимизни тараннум этувчи объектларга яна давлатнинг эгалик қилиши белгиланди.

Шу билан бирга вазирлик ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли. Туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда соҳа вазирлиги билан, яъни ягона Туризм ва спорт вазирлиги билан келишилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида фаолият кўрсатиб келаётган Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозими тугатилиб, ўрнига Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири лавозими жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти ҳам қайта номланиб, Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти ва унинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 15 нафар этиб белгиланди.

Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг қисқартириш эвазига маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ташкил қилинди.

Президентимиз қарори билан янги ташкил этилган вазирликка кўплаб вазифалар белгиланди. Жумладан, моддий маданий мерос соҳасини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида маданий мерос объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш лозимлиги таъкидланди. Ушбу йўналиш бўйича қуйидаги вазифалар белгиланган:

Биринчидан, мамлакатимизда моддий маданий мерос объектларининг, шу жумладан, музей ашёлари ва коллекцияларининг сақланиши ва самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида давлат назоратини амалга ошириш ҳамда давлат ҳисобини юритиш. Ушбу объектларни муҳофаза қилиш ва аҳоли ўртасида оммалаштириш ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида, ушбу жараёнларни илмий тадқиқ этиш вазифаси ҳам устуворликни ташкил қилиши қайд этилган.

Иккинчидан, Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция талаблари ҳамда ЮНЕСКО ва бошқа тегишли халқаро ташкилотлар тавсияларини самарали бажаришни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Бунга эришиш мақсадида халқаро ва хорижий ташкилотлар, олимлар, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги ҳам муҳим вазифалар сифатида белгиланган.

Учинчидан, Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ва тарихий маҳаллаларнинг тарихий-маданий қиммати, ноёблиги, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолишини таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Тўртинчидан, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид чет элларда сақланаётган маданий бойликларга бефарқ бўлмаган ҳолда уларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базасини яратиш ва уни мунтазам янгилаб боришни ташкил қилиш каби кенг кўламли вазифалар ҳам белгиланган.

Мамлакатимиз раҳбарининг учта соҳани, яъни туризм, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда моддий маданий мерос соҳасини бирлаштириб, Туризм ва спорт вазирлигини ташкил қилиниши, ушбу соҳаларнинг давлат бошқарувига ўтилиши янги иш ўринларини яратиш, бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш, оилалар фаровонлигини оширишга олиб келади.

Мамаюнус Пардаев,

СамИСИ профессори.

Хонқул Самаров,

Самарқанд шаҳридаги Регистон ансамбли раҳбари.