Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 300 та автобус кредит маблағларини тўлаш мақсадида сотиб юборилган

Матбуот уйида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Акобир Ашуров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ташкилот раҳбарининг журналист ва блогерларга берган маълумотига кўра, бугунги кунда вилоятда 200 та автобус ва 195 та такси йўналишлари ҳаракатланмоқда. Шунингдек, 292 та йўналишда 525 та автобус, 2139 та “Дамас” ва микроавтобуслар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бироқ транспорт воситалари ўз сарф-харажатларини қопламаганлиги сабабли, 104 та йўналиш фаолияти тўхтаб қолган.

- Ўтган икки йил ичида жамоат транспортлари оғир аҳволда фаолият кўрсатган, - дейди Акобир Ашуров. – Йўловчи ташиш корхоналари томонидан 300 та автобус кредит маблағларини тўлаш мақсадида сотиб юборилган. Ҳудудларда аҳолига жамоат транспортида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ташувлардан кўрилган зарарларнинг 30 фоизи маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қоплаб берилмоқда. Жорий йилнинг олти ойида автокорхоналарга 128.807 миллион сўм миқдоридаги зарар қоплаб берилди.

Самарқанд шаҳрида транспорт жозибадорлигини ошириш мақсадида Рудакий, Гагарин, Али Қушчи, Уста Умар Жўрақулов кўчаларидаги каби 8 та чорраҳада “хавфсизлик оролчалари” ташкил этилиб, светофор, йўл белгилари ўзгартирилади. Шунингдек, 7 та марказий кўчада фақат жамоат транспортлари ҳаракатланиши учун махсус йўлаклар ташкил этилади. Бу йўлаклар дастлаб Гагарин ва Ибн Сино кўчаларида ишга тушади.

Айни вақтда Хитойдан 9 метр узунликдаги, суюлтирилган газ билан таъминланган 100 та автобус келтириш масаласи ҳал бўлди. Тадбиркорлар билан келишилган ҳолда банклар томонидан етарлича маблағ ажратилди. Тез орада шаҳар ҳудудида 40 та йўналиш қайтадан ташкил этилиб, автобуслар билан таъминланади. Режа бўйича уларнинг 8 таси магистраль, 33 таси боғловчи йўналишларда ҳаракатланади. Эски автобуслар эса туманлараро йўналишларга ўтказилади.

Анжуманда Самарқанд шаҳрига кирувчи тўртта йўналишда автошоҳбекат, халқаро автовокзал, шаҳарда ва магистраль йўлларда жойлашган 930 та бекат фаолиятини қайта тиклаш, уларда жойлашган савдо дўконларини бошқа жойга кўчириш масаласи ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.