Самарқандда 401 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан республиканинг барча ҳудудларида ишчи гуруҳлар тузилиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган тадбирлар олиб борилмоқда.
Самарқанд шаҳрида филиал комплаенс назорат тузилмалари, маҳалла истеъмолчилари билан ишлаш бўлими ходимлари, Ўзэнергоинспекция ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида қоидабузилиш ҳолати аниқланди.
Шаҳарнинг Ибн Сино кўчасида қурилаётган “Ш. С. С.” МЧЖга қарашли кўп қаватли уй хатловдан ўтказилганда, таъминот ташкилоти билан шартнома тузмасдан, лойиҳа-техник ҳужжатларисиз табиий газ тармоғига уланган ҳолда “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 401 миллион 680 минг сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди. Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди (https://t.me/Samarkandnews_uz/61745).