Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 5 август куни автотранспорт воситалари ойналарини қорайтириш учун 537 миллион сўм пул тўланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 2 августда қабул қилинган “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан автотранспорт воситалари ойналари тусини ўзгартиришнинг янги тартиби белгиланди, бунинг учун амалга ошириладиган тўловлар сезиларли даражада камайди.

5 августдан янги тартиб асосида автотранспорт воситалари ойналари тусини ўзгартиришга рухсатномалар бериш бошланди.

Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълумотларига кўра, кеча дастлабки кунда Самарқанд вилояти бўйича 139 та шахсий, 6 та юридик шахсга тегишли автомобиллар ойналари тусини ўзгартириш учун 537 миллион 430 минг сўм тўлов амалга оширилган ва рухсатномалар берилган.

Жумладан, биринчи тоифа (енгил автотранспорт воситалари орқа ён ойналари тусини қорайтириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари – 2 миллион 230 минг сўм миқдорида тўлов) бўйича жисмоний шахслар томонидан 117 та автомашина учун жами 260 миллион 910 минг сўм, юридик шахсларга тегишли 4 енгил машина учун жами 8 миллион 920 минг сўм тўлов амалга оширилган.

22 нафар жисмоний ва 2 нафар юридик шахс эса иккинчи тоифа (енгил автотранспорт воситалари орқа ва олд ён ойналар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари – 11 миллион 150 минг сўм) бўйича рухсатнома олиш учун жами 267 миллион 600 минг сўм тўлов қилган.

5 август куни ойналарни қорайтириш учун рухсатномалар фақатгина вилоят ИИБ ЙҲХБ расмийлаштириш ва имтиҳон олиш бўлими томонидан берилган. Вилоятда яна учта туманлараро имтиҳон олиш ва расмийлаштириш бўлимлари фаолият кўрсатишини ҳисобга олсак, рухсатхоналар миқдори кун сайин ошиб бориши табиий.