Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 98 киши кредит устига яна имтиёзли кредит олгани аниқланди

Тавсиянома ва кредит шартномаларини расмийлаштиришда секторлар ва банклар мутасаддилари масъулиятлироқ бўлганида 2 миллиард 263 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳақиқий эҳтиёжи бўлган бошқа 98 нафар шахсга ажратилиши мумкин эди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига доир меъёрий ҳужжатларда кредитларни ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда ажратиш белгиланган. Бунда биринчи навбатда, маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, уларнинг ўз бизнесини ташкил этишига кўмаклашиш эътиборга олинади. Ушбу тоифадаги жисмоний шахсларга кредитлар секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бериладиган тавсиянома асосида ажратилади.

“Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги, “Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг кредитлар (микроқарзлар) бўйича қарз юкини ҳисоблаш тартиби, қарз юкининг рухсат этилган миқдори, шунингдек қарз юки ўсишини чеклаш тўғрисида”ги низомларга мувофиқ, банк кредит шартномаси тузилгунгача қарз олувчининг тўловга қобилиятлилигини, унинг жорий кредитлари бўйича қарз юкини пухта ўрганиши лозим. 

Аммо олиб борилган мониторингларда бир қатор секторлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тавсияномаларни беришда, банк филиаллари томонидан кредит шартномаларини расмийлаштиришда кўплаб камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Хусусан, 2020 ва 2021 йилларда 98 нафар шахсга аввал олинган кредитлари устига бошқа банкдан яна айнан бир мақсадда жами 2 миллиард 263 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратиб юборилган. 

Масалан, Пайариқ туманида 54 нафар шахсга 1 миллиард 244 миллион сўм, Паст Дарғом туманида 12 нафар шахсга 315 миллион сўм, Каттақўрғон туманида 7 нафар шахсга 120 миллион сўм имтиёзли кредит нотўғри берилган.

Бу кредитлар “Микрокредитбанк” (492 миллион сўм), “Агробанк” (805 миллион сўм), “Халқ банки” (965 миллион сўм) томонидан ажратилган.

Тавсиянома ва кредит шартномаларини расмийлаштиришда секторлар ва банклар мутасаддилари масъулиятлироқ бўлганида ушбу маблағлар ҳақиқий эҳтиёжи бўлган бошқа 98 нафар шахсларга ажратилиши мумкин эди.

Энг ёмони, бугунги кунда кредит устига кредит олган ушбу шахсларнинг кредит асосий қарзи бўйича 280 миллион сўм (кредит қолдиғининг 7 фоизи), фоизи бўйича 154 миллион сўм муддати ўтган қарздорлиги мавжуд.

Ушбу шахслар бошқаларга ажратилиши лозим бўлган кредитларни олиб, бунинг устига ушбу маблағни қайтармаётгани эндиликда яна кўплаб фуқароларнинг кредит олиш имкониятини пасайтирмоқда. 280 миллион сўмлик муддати ўтган кредитлар ўз вақтида қайтганда, шу маблағни 20 миллион сўмдан 14 кишига ажратиш мумкин эди.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.