Самарқандда архив соҳасидаги ярим йиллик натижалар муҳокама қилинди

Вилоят архив иши ҳудудий бошқармасида «Бошқарма ва унинг тизимидаги давлат архивлари томонидан 2026 йил I ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Бошқарма бошлиғи Абдували Маманазаровнинг таъкидлашича, бошқарма тизимидаги 7 та давлат архиви томонидан архив хизматлари кўрсатилмоқда. 2026 йил I ярим йиллиги учун белгиланган 14 та асосий кўрсаткичнинг барчаси бажарилиб, шундан 11 таси ортиғи билан ижро этилган.

- Олти ой давомида Миллий архив фонди ҳужжатларини рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилди, - дейди А.Маманазаров. - Натижада 19068 сақлов бирлигидаги ҳужжатларнинг 6 миллион 830 мингдан ортиқ электрон кадр нусхалари яратилди. Шунингдек, 10643 варақ ҳужжат таъмирланди, 5642 сақлов бирлиги муковаланди ва тикланди.

Давлат архивлари томонидан 18753 сақлов бирлигидаги доимий сақланадиган бошқарув ҳужжатлари, 1395 сақлов бирлигидаги шахсий таркиб ҳужжатлари ва 269 сақлов бирлигидаги вақтинча сақланадиган ҳужжатлар тартибга келтирилди. Шунингдек, 67092 сақлов бирлигидаги ҳужжатларнинг мавжудлик ҳолати текширилди.

2026 йил I ярим йиллигида архив иши ва иш юритиш ҳолати юзасидан 12 та ташкилотда давлат назорати ўтказилиб, натижада 8 та маъмурий баённома расмийлаштирилди ва 12 та тақдимнома киритилди. Ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 17 та ўрганиш ишлари амалга оширилди.

Давлат архивлари томонидан кўрсатилган пуллик хизматлар ҳажми 3 млрд 272 млн сўмни ташкил этди. Шунингдек, 24 минг 507 та архив сўрови кўриб чиқилиб, 13 минг 995 таси ижобий ҳал этилди. 17 минг 792 нафар фуқарога бепул архив хизматлари кўрсатилди.

Матбуот анжуманида архив соҳасини рақамлаштириш бўйича қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда 2026 йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатлари Ягона миллий архив ахборот тизими орқали юритилиши ҳақида маълумот берилди. Мазкур тизим архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш, идоралараро ахборот алмашинувини тезлаштириш ва архив хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.