Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда бир ой комада ётган 48 ёшли аёл ҳаётга қайтарилди (видео)

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида 48 ёшли аёл бир ой комада ётди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан у ҳаётга қайтарилди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.

«Бемор миясида катта ўсма билан сунъий нафас олдирувчи аппарат билан бир ойдан ортиқ комада ётди», — дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов.

Қайд этилишича, аёлнинг яқинлари унинг аҳволини кўриб, яшаб кетишидан умидини узганди.

«Аммо шифокорлар энг сўнгги дақиқада ҳам аёлнинг аҳволини яхшилаш, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони борлигига ҳаммани ишонтирди», — дейилади репортажда.

«Бир-икки марта ярим кечаси соат 02:00 ларда ҳам операция қилишга тўғри келди. Шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан аёлнинг ҳаётини сақлаб қолдик. Ҳозир ўзига келди, саволларимизга жавоб беряпти», — дейди тиббий бирлашма раҳбари Аҳмаджон Бобожонов.

«Бир ой мобайнида олдига кирардик, исмини айтиб чақирсак, жавоб бермасди, кўрмасди, эшитмасди. Ҳозир исмини айтсак, бизга қараяпти, гаплашяпти. Бир ой мобайнида шуни англадимки, шифокорлик дунёдаги энг қийин соҳа экан», — дейди бемор аёлнинг турмуш ўртоғи.

Шифокорлар касб байрами арафасида ташкил этилган тантанали тадбирда Самарқанд тиббиёт бирлашмаси вилоятдаги «Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилоти», дея эътироф этилди.