Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда бугун қор ёғди, эртага совуқ ҳарорат ҳукм суради

Февраль ойи бошидан ҳаво исиб кетди. Натижада дов-дарахтлар куртаклади,  гуллади. “Буёғи энди баҳор”, деб ўйлаганимиз ҳам бор гап.

Лекин табиат ҳодисаларга бой. Қиш қиш-да. Февраль кўкламга ўрнини бўшатгиси йўқ. Буни айни пайтда вилоятимиз бўйлаб ёғаётган қор ва совуқ ҳароратдан билсак бўлади.

Об-ҳаводаги бундай ўзгариш мевали боғ ва узумзорларга, эртаки картошка ҳамда сабзавот экинларига салбий таъсирини кўрсатади, албатта. Шулар инобатга олиниб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўзига хос тавсиялар ишлаб чиқилгани ва жойларга етказилгани ҳақида хабар берган эдик. Дарҳақиқат, бугунги кунда мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан ариқ олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш, мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш зарур.

Эртаги картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда худди шундай кечки сув қўйиш, уюмларни тутатиш тавсия этилади.

Хуллас, «Ўзгидромет» маркази маълумотларга кўра, кечадан бошлаб республикамиз ҳудудига Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келди. Демак, бугун, 24 февраль  вилоятимизнинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир, қор ёғади. Ҳарорат 0-5 даража илиқ бўлади. 25-26 феврал кунлари ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда қор ёғади. Ҳарорат кечаси 9-11 даражагача, кундузи 0-3 даража совуқ бўлади.