Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ғалладан бўшаган 85,1 минг гектар майдонда такрорий экин экилади

Вилоят деҳқонлари жорий йилда 94 минг 230 гектар майдонда ғалла парваришлади. Шу кунларда эса жойларда ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда.

Деҳқоннинг юмуши ғаллани ўриб-йиғиб олиш, юқори ҳосил етиштириш билан якунланмайди. Ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлаш, такрорий экин экиш ва аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳам бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Шу боис, деҳқонларимиз ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, далаларга такрорий экин экиш ишларини бошлаб юборишди.

- 20 июнгача вилоятимизда 15 минг гектардаги ғалла ўрилиб, 540 дан ортиқ ҳайдов техникаси жалб қилинган ҳолда 1850 гектардан ортиқ майдон шудгорланди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Аслиддин Маматмусаев. – Режага кўра, жорий йилда ғалладан бўшаган 85 минг 142 гектар майдонга такрорий экин экиш режалаштирилган. Бу йил вилоятимизда 2020 йилга нисбатан 6 500 гектар ва 2016 йилга нисбатан 17 минг 853 гектар кўп майдонда такрорий экин экиш мўлжалланмоқда. Жумладан, 3 минг гектардан ортиқ майдонда сабзавот етиштирилади. Бунинг учун тажрибали деҳқонлар бириктирилади, сифатли ва экспортбоп навли уруғлар танлаб олинди. 9 231 гектар майдонда картошка экилади. Бунинг учун Нидерландиядан қарийб 4 минг тонна картошка уруғи олиб келиш режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, шунча майдоннинг гектаридан 20 тоннадан ҳосил олинганда ҳам қарийб 185 минг тонна картошка етиштириш мумкин. Бу эса вилоятимиз аҳолисининг картошкага бўлган эҳтиёжини тўла қондириш билан бирга, ҳосилни экспорт қилиш имкониятини ҳам яратади. Бу эса деҳқонга қўшимча даромад келтиради.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари орасида энг кўп экспорт қилинадигани дуккакли экинлар ҳисобланади. Бу турдаги экинлардан вилоятимиз деҳқонлари қарийб 35 минг гектар майдонда деҳқончилик қилишни режалаштиришган. Бунда албатта, мош ва ловия асосий майдонни эгаллайди. Ғалладан бўшаган 35,7 минг гектардан ортиқ майдонда такрорий экин сифатида озуқа экинлари, 2 755 гектарда кунгабоқар, чорва учун 28 минг гектарга яқин майдонда маккажўхори етиштирилади. Шунингдек, бу йил 7,7 минг гектарда оқ жўхори экиш ҳам режалаштирган. Аҳамиятлиси, жорий йилда ҳудудларда дафтарларга киритилган, кам таъминланган ва ишсиз фуқароларнинг даромад манбаини яратиш, оилаларнинг бандлигини таъминлаш учун ғалладан бўшаган майдонларда 180,5 мингдан ортиқ фуқарога ўртача 25 сотихдан ер майдони ажратилади. Уларга экин турлари, техника таъминоти, ўсимликларга ишлов бериш ва бошқа масалаларда тажрибали деҳқонлар томонидан кўмак берилади.

Бу йилги такрорий экин даври ҳам деҳқонларимиз учун ўзига хос синов палласи бўлмоқда. Ҳароратнинг кескин кўтарилиши ўсимликларнинг вегетация даврига таъсир ўтказган бўлса, иккинчи томондан сув ресурсларининг тақчиллиги туфайли бор имкониятдан оқилона фойдаланиш тақозо этилмоқда. Тажрибали деҳқонлар бундай шароитда далани кечки пайтда суғориш, сув исроф бўлишининг олдини олиш муҳимлигини яхши англашади. Шу боис, далани тайёрлаш ва экинни ўз вақтида ундириб олишга аҳамият қаратилмоқда.

Туманларда бу борада аниқ режалар асосида ишлар олиб борилмоқда. Масалан, вилоятнинг олис ҳудуди бўлган Пахтачи тумани деҳқонлари жорий мавсумда 6 254 гектар майдонда эл ризқини етиштирди. Шу кунларда туманда ғалла ўрим-йиғим ишлари якунланиш арафасида.

- Жорий йилда туманимиз деҳқонлари ғалладан бўшаган 5 839 гектар майдонда такрорий экинлар экишни режалаштирган, - дейди туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи ўринбосари Жавлон Арнақулов. – Туманимизда сув ресурсларини ҳисобга олиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 11 446 аҳолига ўртача 33 сотихдан 4 146 гектар ер майдони ажратилиб, такрорий экин экилиши белгиланди.

Жумладан, 85 гектар майдонда сабзавот, 350 гектарда кунгабоқар, 2 800 гектар майдонда дуккакли экинлар, 2,6 минг гектарда озуқа экинлари, 2 100 гектарда маккажўхори ва 500 гектарда оқ жўхори экиш режалаштирилган. Бу албатта, туманнинг тупроқ шароити, иқлим, суғориш имконияти, уруғлик сифати ҳисобга олиниб, экин турлари жойлаштирилган.

Деҳқонларимизнинг такрорий экиндан мўл ҳосил етиштириши учун техника таъминоти, ёқилғи, уруғ ва бошқа зарурий жиҳатлар эътиборга олинган. Улар етиштирган ҳосилни ички бозорга, савдо ярмаркалари, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналар томонидан харид қилиниши борасида ҳам муаммо бўлмайди.

Ўктам Худойбердиев.