Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда гиёҳванд ўсимликларни ўстириб келаётган фуқаролар аниқланди

Вилоят бўйлаб кенг кўламли “Қорадори-2021” махсус тадбирлари ўтказилмоқда.

ИИБ ходимлари томонидан олинган маълумотларга кўра, бир нечта фуқаронинг яшаш уйлари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, Самарқанд тумани Ражабамин маҳалласида яшовчи Р.А.нинг яшаш хонадонидан 2 туп, шу маҳаллада яшовчи Р.С.нинг хонадонидан 13 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланган. Шунингдек, Иштихон тумани Бойтўби маҳалласида яшовчи Н.Х.нинг яшаш уйидан 1080 туп “кўкнор”, 1 туп қуруқ ва 9 туп нам ҳолдаги “каннабис” гиёҳвандлик ўсимликлари, стол устида бўлган ғалвир ичида оғирлиги 26,77 грамм, томорқасида бўлган идишда оғирлиги 0,81 грамм “кўкнор” хашаклари аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Нарпай тумани ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотга асосан, туманнинг Наврўз махалласида яшовчи, Х.Ф.нинг яшаш ҳовлиси кўздан кечирилганда, томорқасида 10 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги, шу маҳаллада яшовчи М.Х.нинг яшаш ҳовлисидаги дарахтлар остида 10 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парвариш қилиб келаётганлиги аниқланган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар (https://samviib.uz/uz/news/oradori-2021-mahsus-tadbirlari-davomida-anilangan-olatlar) беришича, аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.