Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “Жомбой яшил чироқлари” МЧЖнинг янги цемент заводи ишга туширилди

Лойиҳа қиймати 42 миллион доллар бўлган янги завод йилига 300 минг тонна жаҳон стандартларига мос цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқаришда Хитой технологиясидан фойдаланилмоқда. Бунда корхона Хитойнинг CHOP компанияси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Янги заводнинг дастлабки босқич ишлаб чиқариш линиясининг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Хитойнинг “CHOP cement engineering” компанияси президенти Жанг Ю Меи хоним сўзга чиқиб, ҳамкорликдаги лойиҳанинг истиқболлари, юртимизда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имкониятларга тўхталди.

- Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларимиз тобора ривожланиб бормоқда, - деди Жанг Ю Меи хоним. – Ушбу лойиҳа 2016 йилнинг 1 июнидан бошланган эди. Бугун ишга туширилган ишлаб чиқариш линияси ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқади.

Бир кеча-кундузда 1200 тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада 200 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.

- Ҳамкорликдаги лойиҳа 2023 йилгача мўлжалланган бўлиб, биринчи босқич якунланди, - дейди корхона раҳбари Зайниддин Аҳроров. – Ускуналар ҳар томонлама қулай, энергия тежамкор бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун “Sanoatqurilishbank” АТБ Самарқанд филиалидан 5,5 миллион доллар кредит маблағини олдик.

Алишер ИСРОИЛОВ.