Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда коронавирусни 20 дақиқа ичида аниқлаш имконини берувчи экспресс тестлар мавжуд

Самарқанддаги ягона вирусология лабораторияси сўнгги йилларда пойтахтга бормай, шу ерда амалга ошириш мумкин бўлган ўнлаб таҳлилларни ўтказмоқда. Айни кунларда бу ерда коронавирусни 20 дақиқа ичида аниқлаш имконини берадиган экспресс тестлар мавжуд. Муҳими, ушбу тестларнинг нархи ҳам арзон: 80 минг сўмдан 130 минг сўмгача.

Аҳоли орасида СЭС қисқартмаси билан машҳур бўлган ташкилот ўтган давр мобайнида бир неча марта ўзгарди. ДСЭНМдан кейин СЭОМ, ундан алоҳида назорат инспекцияси ажралиб чиқди. Аммо ҳалиям аҳоли орасида СЭС билан аталувчи ташкилот бугун Самарқанд вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси, деб номланади. Яъни, санитария-осойишталик маркази ва назорат инспекцияси бирлаштирилди. Айни кунларда мазкур тузилма тегишли ҳуқуқий асосга кўра, ўз шаклини тартибга солиши баробарида ишини мукаммалроқ ташкил этиш масалалари билан ҳам шуғулланмоқда. Номи ўзгарса-да, аммо асосий иши санитария ишларини олиб бориш, таҳлилларни ўз вақтида амалга ошириш, юқумли касалликлар ошиб кетиши хавфининг олдини олиш каби долзарб юмушлар ҳамон ушбу ташкилот гарданида. Хўш, бу борада кейинги йилларда ташкилотда қандай ўзгаришлар содир бўлди?

Бошқарма томонидан вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган пресс-турда шу ҳақда батафсил маълумот берилди.

- Бугунги кунда бошқармада ташкил этилган вирусология лабораториясида юзлаб таҳлилларни амалга ошириш мумкин, - дейди  Самарқанд вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси бошлиғи Адҳам Баҳромов. – Бу йил мазкур ташкилот жуда мураккаб бир вазиятда, пандемия даврида ишлаб, у билан курашда бор имконини сарфлади. Вирус тарқалиши сабаб, бошқармага тегишли лабораторияда қўшимга ускуналар келтирилди. Қолаверса, Самарқанд шаҳрида яна учта ҳамда Каттақўрғон шаҳрида ҳам лаборатория ташкил этилди.

Шунингдек, бошқа юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳам олиб борилаётган ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Шу йил давомида 37 турдаги юқумли касалликлардан 11 тури ёки 29,7 фоизи қайд этилмади. Шунингдек, 24 тур, яъни 64 фоиз юқумли касалликлар - дизентерия, сувчечак, вирусли гепатит ва бошқаларининг камайишига эришилди.

Тегишли чора-тадбирлар режасига асосан вилоят СЭО маркази ҳамда шаҳар ва туманда замонавий талабларга мос бўлган 12 та шаҳар ва туманларда эмдориларни сақлаш омборхоналари ишга туширилди.

Анжуман давомида журналистлар вирусология лабораторияларидаги замонавий ускуналар, шарт-шароитлар билан танишди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.