Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда маҳалла раиси дарахтларни ўзбошимчалик билан кесгани учун жаримага тортилди

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги Сиёбча маҳалласи ҳудудида ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Руслан Гафуров томонидан 7 туп акация дарахтлари ноқонуний равишда, ўзбошимчалик билан кесиб ташлангани аниқланди.

Мазкур ҳолат Самарқанд шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари томонидан жойига бориб ўрганилди.

Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуни 21-моддаси, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 37-моддаси, 2-қисми 49-51-моддалари талабларини бузганлиги учун Сиёбча маҳалла фуқаролар йиғини раиси Руслан Гафуровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий қарор чиқарилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида (2 миллион 230 минг сўм) жарима солинди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарори 4-иловасига биноан ўсимлик дунёсига етказилган 7 миллион 582 минг сўм миқдоридаги зарар аниқланиб, ўндириш чоралари кўрилмоқда.

Санжар САДУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.