Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда маҳбуслар тиббий кўрикдан ўтказилди

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича 2022 йил учун мўлжалланган бир қатор ишлар режалаштирилган.

Мазкур ишлар доирасида Паст Дарғом туманидаги 37-сонли жазони ижро этиш манзил-колониясида маҳкумларни тиббий кўрикдан ўтказиш, давлат томонидан аҳоли учун қарор ва фармонлар асосида берилган имтиёзлардан хабардор қилиш ҳамда сайёр қабул тадбирлари ташкил этилди.

Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили Диёр Ҳусановнинг zarnews.uz`га маълум қилишича, 16 нафар тиббий ходимлар махсус ускуналар билан жиҳозланган 2 та автобус ва 6 хил турдаги кўчма тиббий жиҳозлар билан жазони ижро этиш манзил-колониясига келди. Бу ерда маҳкумлар 14 хил тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик жараёнлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходими, Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ва 37-сонли жазони ижро этиш манзил-колонияси раҳбари иштирокида кузатиб борилди.

Шунингдек,  сўнгги вақтларда қабул қилинган бир қатор тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳолига берилган имтиёзлар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шундан сўнг ташкил этилган сайёр қабул жараёнида маҳкумларнинг мурожаатлари тингланди. Унда тушган 24 та мурожаатнинг 10 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилди, 14 таси мурожаат тегишли ташкилотлар билан ҳал этиш учун ёзиб олинди.