Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда одам ДНКси экспертизадан ўтказилмоқда

Барча тармоқлар қатори тиббиёт, хусусан, суд-экспертизаси соҳаси ҳам ривожланиб, бу турдаги хизматлардан кенг миқёсда фойдаланиш имкониятлари яратилмоқда. Сир эмас, илгари бундай экспертизалар фақат Тошкент шаҳрида амалга оширилар эди. Энди эса ундан Самарқандда ҳам фойдаланиш мумкин.

Президент фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да жорий йил Самарқанд вилоятида ҳам одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораториясини ташкил этиш белгиланган эди. 8 июль куни Самарқанд шаҳрида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси марказининг вилоят бўлими иш бошлади.

Одам ДНКси суд биологик экспертизаси қуйидагиларни аниқлаш имконини беради:

- номаълум жасад қолдиқларини идентификация қилиш;
- қон, сўлак, соч, тўқималар, органлар, тана бўлаклари ва бошқаларни маълум бир шахс ёки бир неча шахсга тегишлилигини аниқлаш;
- боланинг биологик ота-онасини аниқлаш;
- ота ёки она насли бўйича яқин ёки узоқ қариндошликни аниқлаш;
- биологик эгизакларни аниқлаш (монозигота ёки дизигота эгизаклар) ва бошқалар.

Лаборатория ишга тушгандан буён унда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 20 та, ички ишлар органлари томонидан 15 та ҳамда прокуратура сўрови асосида битта лаборатория таҳлили ўтказилган бўлса, мутахассис фикрини сўраган фуқаролар учун 5 та экспертиза тайинланган.

Адашмадингиз, лабораторияда фуқароларнинг хоҳиш ва эҳтиёжига кўра ҳам экспертиза тайинлаш имконияти мавжуд. Бундай мурожаатлар учун “мутахассис фикри” ҳамда “аноним мурожаат” сингари хизмат турлари мавжуд.

Абдулазиз МАРДИЕВ,
Давлат суд эксперти 3-даражали юристи.