Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “опий” гиёҳвандлик моддасини сотаётган гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди

22 март куни Самарқанд вилояти ИИБ гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган “назорат тартибида гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш” тезкор тадбири давомида Ургут тумани, Терак маҳалласида яшовчи фуқаро М.Ш. назоратли харидорга 2.700.000 сўм пул эвазига 10 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида жиноят устида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Ш. билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур гиёҳвандлик моддасини тоғаси - Ургут тумани, Чумчуқли маҳалласида яшовчи фуқаро А.Ждан олганлигини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида А.Ж. ушланиб, шахсий тинтув қилинганида ўнг оёғи пайпоғи ичидан тахминан оғирлиги 1,51 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси топилди, А.Ж. ушбу “опий” моддасини қаердан олганлиги бўйича сўралганда, мазкур гиёҳвандлик воситасини Ургут тумани, Чеп маҳалласида яшовчи Бобур исмли шахсдан олганлигини билдирган.

Тадбир давомида М.Ш. билан бирга 10 грамм “опий” моддасини олиб келган шериги Ургут тумани, Чумчуқли маҳалласида яшовчи М.У. билан биргаликда келишиб 10 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасидан олинган пулларни тенг тақсимлашга келишиб келганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, тадбир давомида ушланган М.У.ни таниши бўлган Ургут тумани, Терак маҳалласида яшовчи П.М.дан телефон орқали “опий” гиёҳвандлик моддасини топиб беришини сўраганида, унинг олдига боришлигини айтган вақтида ушланиб, холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида, спорт кийимининг чап чўнтагидан 2 дона целлофан пакетида тўқ жигар рангли, ўзига хос ҳидли тахминан оғирлиги 0,94 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Тадбир давомида П.М. билан олиб борилган суриштирув ишлари давомида у ушбу “опий” моддасини Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи Иброҳим исмли шахсдан олганлигини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида Ислом исмли шахс аслида Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи У.И. эканлиги аниқланиб, 2021 йил 24 март куни унинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликлари тинтув ўтказилганда, уйнинг чордоғида бўлган қишки оёқ кийим ичига солинган тахминан оғирлиги 20 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда ва яшаш уйи ошхонасидан кўкнор ўсимлигига ўхшаш гиёҳвандлик воситалари топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Бу ҳақда ИИВ гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси хабар берди.