Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда ўтган “Sаvе Аrаl” югуриш марафони ёш атлетларни саралади

Самарқанд шаҳрида спорт туризмини ривожлантириш мақсадида “Янги нафас” спорт ва ижтимоий ҳаракати доирасида “Sаvе Аrаl” югуриш марафони бўлиб ўтди.

Марафон аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев ва Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облақулов бу каби спорт тадбирлари туризмнинг ривожланишида, қолаверса, аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, соғлом-турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда аҳамиятли эканлиги хусусида сўз юритиб, иштирокчиларга омад тилади.

Мусобақада 2003-2004 йилларда туғилган ўғил-қизлар ҳамда талабалар, спорт мактаблари тарбияланувчи ва тренерлари, корхона ва ташкилотларнинг 18 ёшдан катта ходимлари иштирок этди.

Бир ярим мингга яқин иштирокчи Амир Темур мақбараси олдидан югуришни бошлади ва 3 километр масофани босиб ўтди.

– Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур мусобақа республикамизнинг 19 та шаҳрида ўтказилади, – дейди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бўлим бошлиғи, мусобақа бош ҳаками Ҳасанбой Ортиқов. – Ўтган йилнинг ноябрь ойида Андижон шаҳрида старт олган марафон водий бўйлаб бир қатор шаҳарлардан ўтиб, азим Самарқандга етиб келди. Мусобақада қатнашиш ихтиёрий бўлгани сабабли самарқандликлар қаторида олдинги босқич ғолиблари ҳам қатнашди. Мусобақа низомига кўра, биринчи ўринни эгаллаган иштирокчи 30 баллни қўлга киритади. Кейинги ўринлар ғолиблари эса 25 ва 20 баллга эга бўлади, улар жамланиб 90 баллдан ошса, финалда иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритади. Югуриш марафони апрель ойида Мўйноқда финал босқичи билан якунланади. Мақсадимиз бутун республикамиз аҳлини Оролни сақлаб қолишга ўз ҳиссаларини қўшишга чорлашдан иборат.

Беллашувнинг якуний 2003-2004 йилларда туғилганлар баҳсида Жавоҳир Мамадқулов ва Мадинабону Тўланова биринчи ўринни эгаллади. 18 ёшдан катталар баҳсида Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчиси Илҳом Назаровга тенг келадигани топилмади. Хотин-қизлар беллашувида эса Муҳайёбону Азаматова шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди.

Шунингдек, тадбирда Парвина Шергетова “Энг ёш иштирокчи” ҳамда Комил Гилманов “Энг ёши кекса иштирокчи” номинацияси бўйича тақдирланди. Фахрийларни спортга жалб этишдаги ташаббуси учун Ҳамроқул Рофеев “Спорт фидойиси” сифатида рағбатлантирилди.

Маълумот ўрнида: учинчи босқич январь ойида Шаҳрисабз, Қарши, Термиз шаҳарларида якунланади. Кейинги босқичлар февраль ойида Навоий, Бухоро ва Урганч шаҳарларида, апрель ойида Хива ва Нукус шаҳарларида ўтказилади.

Ҳусан Элтоев.