Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “Россия маданияти кунлари” давом этмоқда

Ўзбекистонда ўтказилаётган “Россия маданияти кунлари” тадбирлари доирасида вилоят мусиқали драма театрида Доғистон Республикасининг “Лезгинка” академик рақс ансамбли концерт дастурлари намойиш этилди.

Дунёга машҳур ушбу ансабмль 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Австралия, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, Янги Зеландия, Испания, Италия, Хитой, Япония, Жанубий Корея каби давлатларда ўз санъатини намойиш этиб, турли танловлар ғолиби бўлган.

 – Ҳар ойда турли мамлакатларга ижодий сафарда бўламиз, – деди "Лезгинка" ансамбли директори Жанбулад Магомедов. – Аммо Ўзбекистонда, Самарқандда 45 йилдан буён бўлмагандик. Бугун жамоамиз томонидан тайёрланган 17 та миллий рақсимиз Доғистон миллий қадриятларини ўзида жамлаган. Самарқанд ўзининг тарихийлиги билан ҳам бизни ўзига мафтун этди. Айниқса, одамлари юзидаги самимийлик, очиқ кўнгиллик бизни мафтун этди. Томошамиз албатта, самарқандликларга манзур бўлади, деган умиддамиз.

Шунингдек, театр фойесида москвалик меҳмонларнинг "Лоскутная мозаика России" деб номланган кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Кўргазмада россиялик ижодкорлар ва ҳунармандлар томонидан мозаика усулида яратилган сара асарлар намойиш этилди. Ушбу асарлар Россиянинг энг чекка ҳудудидан тортиб, марказий шаҳарларнинг миллий қадриятларини ўзида жамлаган.

 

Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов ва шаҳар ҳокими Б.Облақуловлар иштирок этди.

Бахтиёр МУСТАНОВ.