Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда шахсий машинасида радар ўрнатиб “ишлаган” ЙПХ ходимига нисбатан текширув бошланди

Кеча ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида ўз шахсий автомобили билан радар ўрнатиб, хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими акс этган видео тарқалган эди.

Мазкур ҳолат бўйича айни пайтда хизмат текшируви бошланди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати маълум қилди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 16 февраль куни Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори Х.Бердиқулов белгиланган дислокация асосида А-378 автомобиль йўлининг 45-километрида “Қарши-Самарқанд” йўналишида тезлик талабларини бузган ҳайдовчиларни аниқловчи кўчма радар билан хизматга жалб этилган.

Хизмати давомида ўзига тегишли бўлган шахсий “Нексия-3” русумли транспорт воситаси олди томонига кўчма радарни ўрнатган.

Инспекторнинг бу хатти-ҳаракати номаълум ҳайдовчи томонидан видеотасвирга туширилган ва ижтимоий тармоқларга жойланган.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан ЙПХ катта инспектори Х.Бердиқуловга нисбатан Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.